Ўзбекистонлик мутахассислар Афғонистондаги Мозори Шариф халқаро аэропортини қайта тиклашни 2022 йил бошида якунлаши мумкин. Бу ҳақда «Gazeta.uz» хабар берди.

Фото: United Nations Assistance Mission in Afghanistan

Келтирилишича, Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашевга бу бўйича маълумот берган.

«Бизнинг мутахассисларимиз у ерда катта гуруҳлар билан ишламоқда. Катта ҳажмдаги ишлар аллақачон якунланган. Ўйлайманки, бу иш максимал яна бир ой давом этади», — деган сиёсатчи.

Таъкидланишича, айни пайтда ўзбекистонлик мутахассислар бир вақтнинг ўзида бир нечта йўналишда — аэронавигация ва метеорологик жиҳозларни таъмирлаш, учиш-қўниш йўлагини реконструкция қилиш, шунингдек, аэропортнинг энергия таъминотини тиклаш бўйича иш олиб бормоқда.

Маълумот ўрнида, Исматулла Иргашев Ўзбекистон ҳудудига август ойида кириб келган афғонистонлик муҳожирлар ҳақида ҳам маълумот берган.

«Термизда афғон қочқинлари бор, деган маълумот нотўғри. Бундай қочқинлар Термизда оммавий тарзда бўлмаган. Бундай афғонлар йўқ. Августдаги фожиали кунларда Амударёдан қочиб ўтган тахминан 150 нафар афғон қочқинлари Термизда бор эди. Улардан бир қанчаси Европа мамлакатларига қочоқ мақомини олган ҳолда жўнаб кетди.

Мен улар билан гаплашганимда (улар орасида Афғонистоннинг эски ҳукумати учун ишлаган вакиллар бўлган) ‘Агар бизни ўлдиришмайдиган бўлса, бизни қамашмайдиган бўлса, бизнинг қолишга моддий имкониятимиз йўқ, биз мамлакатимизга қайтиб кетамиз’, дейишди. Мен ўзим ‘Толибон’ ҳукумати раҳбарлари билан гаплашдим, улар ‘Биз уларга тегмаймиз, агар улар халқи учун, ватани учун хизмат қилишга тайёр бўлса, биз уларни афв қиламиз’, дейишди. Улар орасида ҳарбийлар ҳам бор эди. Мен ўзим буни шахсан назоратимга олдим, улардан бирортаси ўлдирилмади, қамалмади.

Ўзбекистон ҳудудидаги турли шаҳарларда яшаб келаётган афғон фуқаролари ҳақида айтадиган бўлсак, уларнинг бир қисмига учинчи давлатларга қочоқ мақомида кўчиб ўтиши учун халқаро институтлар ёрдам беради, бу ерда қолиб ишлаш ва яшаш имкониятига эга бўлганлар визаси узайтирилишига ёрдам берилади. Шу билан бирга, визаси узайтирилмаганлар мажбурий равишда мамлакатдан чиқариб юборилади», — деди Президентнинг Афғонистон бўйича махсус вакили.

Аввалроқ Кобулдан Тошкентга биринчи парвоз амалга оширилгани маълум қилинган. Шунингдек, Ўзбекистон Мозори Шарифдаги халқаро аэропортни тиклаши хабар берилган.