Ўзбекистонда бир кунда иккита самолёт парвози кечиктирилди. Бу ҳақда «Новости Ташкентского Неба» Telegram каналида хабар берилди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпаниясининг «HY-091» Тошкент–Андижон рейси аэропортдаги об-ҳаво шароити сабаб кечиктирилган. Аэропорт ҳудудида қуюқ туман содир бўлгани боис учиш-қўниш йўлагининг қўниш зонасида горизонталь кўриниш 600 метрни ташкил этган.

Хабар берилишича, қуюқ тумандан ташқари ҳаво ҳарорати ҳам паст бўлган ва -3 даражани ташкил этган.  Шу сабабдан «HY-092» Андижон–Тошкент рейси ҳам кечиктирилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 8 декабрь куни эрталаб кузатилган ноқулай об-ҳаво шароити сабаб кўришнинг ёмонлашиши оқибатида Урганч, Нукус ва Навоий аэропортларида парвозлар кечиктирилганди. Маълум қилинишича, Тошкентдан учган «HY051» рейси Урганч аэропортига соат 08:20 да қўниши керак бўлган.

Шунингдек, Тошкент–Нукус йўналиши бўйича «HY011» рейси кечиктирилишига ҳам туман сабаб бўлган. Самолёт Тошкентдан соат 07:30 да парвоз қилиши кутилган, бироқ ноқулай об-ҳаво шароити туфайли парвоз дастлабки маълумотларга кўра, соат 10:30 га қолдирилган.

Таъкидланишича, Навоий аэропортини ҳам қуюқ туман қоплаган, кўриш масофаси 300–350 метрни ташкил этган. Бироқ эрталабки соатларда йўловчилар қатнови жадвалда бўлмаган.

Аввалроқ Ўзбекистондаги иккита аэропортда парвозлар кечиктирилганди. Шунингдек,  Қашқадарёда самолёт двигателлари ишламай қолиши оқибатида йўловчилар бир неча соат иссиқда қолиб кетгани хабар қилинган.