Ўзбекистонда 500 нафар бемор жигар, 1500 киши буйрак трансплантацияси амалиётига муҳтож. Бироқ республикада инсон органларини кўчириб ўтиш — трансплантология кўп йиллик муаммолардан бири. Сабаби амалдаги қонунчиликка кўра, бу амалиёт фақат яқин қариндошлар орасидагина амалга оширилади. Қонунчилик палатаси депутатлари инсон органлари трансплантацияси бўйича амалдаги қарорни ислоҳ қилиш мақсадида янги қонун лойиҳасини тайёрлади. Киритилаётган ўзгаришларга кўра, тирик донорлар чегараси кенгайтирилиши мумкин. Шу билан бирга, мурдадан ҳам инсон органи олиш кутилмоқда. Қонунчиликдаги янгилик ва тартиблар ҳақида депутат Қизилгул Қосимова «Aksent» лойиҳасига берган интервьюсида батафсил маълумот берган.

Фото: «Science»

Инсон организми трансплантологияси ҳозирда қандай амалга ошириляпти?

Тарихан Ўзбекистонда инсон организми трансплантацияси Совет Иттифоқи даврида, яъни 1970–1972 йилларда илк марта бошланиб, сўнгра тўхтатиб қўйилган. Шундан сўнг ҳукуматнинг 2017 йилда қабул қилинган қарорида яқин қариндошгина бемор учун донор бўла олиши белгилаб берилди. Агар бемор ёлғиз ёки яқин қариндошларининг ёши, соғлиғи тўғри келмаса, маҳаллий қонунлардаги чеклов туфайли жарроҳлик ишини хорижда амалга оширишдан бошқа йўли қолмайди. Оддий буйрак кўчириб ўтказишнинг нархи Ҳиндистонда 15 мингдан 20 минг долларгача, Германияда 135 минг, Исроилда эса 100 минг долларгача баҳоланади. Бироқ бу борада Ўзбекистонда барчанинг ҳам имконияти тенг эмас.

Янги қонун лойиҳасида тирик донор тушунчаси киритилган бўлиб, унда яқин қариндошлардан ташқари, бошқа фуқаро ўзининг розилиги билан бепул, беғараз, розилиги нотариал тасдиқланган ҳолда соғлом органини беморга бериши мумкин. Инсон органлари билан савдо қилиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши, бу ҳуқуқ тартибот органлари томонидан таъқиб этилиши таъкидланди.

Кимлар донор бўла олмайди?

Барчага донор бўлиш ҳуқуқи берилса-да, айрим жиҳатларда чекловлар мавжуд:

  • 18 ёшга тўлмаган кишилар;
  • саломатлиги талаб даражасида бўлмаганлар;
  • I ёки II гуруҳ ногиронлари;
  • шахси аниқланмаганлар;
  • ҳомиладор аёллар;
  • муомалага лаёқатсиз деб топилган шахслар;
  • муайян яшаш жойи бўлмаган шахслар;
  • «Меҳрибонлик», «Саҳоват» ва «Мурувват» уйларида яшовчи шахслар;
  • қамоқдаги ёки озодликдан маҳрум қилинган маҳбуслар;
  • аъзоси ва (ёки) тўқималари илгари трансплантация учун олинган шахслар донорлик қила олмайди.

Мурда ҳам донор бўла оладими?

Янги ҳужжат лойиҳасида киритилаётган энг катта ўзгариш мурдалар ҳам донор бўла олиши ҳақидаги моддадир. Унда фуқаро тириклигида ўзининг нотариал тасдиқланган ёзма розилиги олинган бўлса, вафотидан сўнг мурданинг органини олиш мумкин бўлади.

Динда инсон организми транплантациясига рухсат берилганми?

Бу ўзгаришлар диний эътиқод юзасидан кўп танқидга учраган ва нотўғри деган қарашлар ҳам бор. Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламолари инсон аъзоларини кўчириш амалиётининг жоизлигига «инсонга манфаат бериш ва ундан зарарни даф қилиш» шаръий қоидасини асос қилиб олганини келтириб ўтган. Ушбу қоидага биноан амалиёт жараёнида бошқа бир инсонни ҳалокатга дучор қилмаслик шарт бўлади.

Бу амалиётни бажаришда бошқанинг ҳаёти учун жуда катта манфаат борлиги сабаб ўз аъзоларини олиб, муҳтожга қўйишга рухсат берилиши инсоннинг аъзолари мукаррам эканини сақлаш тушунчасига зид эмас. Энг муҳим нуқта – аъзо кўчирилганда ҳам сотилмайди, балки эҳсон қилинади. Ислом давлатларида инсон органларини кўчириш анча ривожланган. Саудия Арабистонида йилига 4 минг беморда трансплантация амалга оширилади. Бу кўрсаткич Эронда 20 йил давомида 65 минг мартани ташкил этган.

Ўзбекистонда трансплантация учун шифокор ва шифохоналар талабга жавоб бера оладими?

Ўзбекистонда трансплантацияга рухсат берилган пайт — 2017 йилда кўпроқ хорижлик мутахассислар олиб келинди. Улар амалиёт билан бир қаторда ўзбек шифокорларига ҳам тажриба ўргатди. Бугунги кунга келиб, трансплантология марказида буйрак кўчириб ўтказувчи шифокорларнинг барчаси маҳаллий мутахассислардир. Фақатгина жигар кўчириб ўтказиш бироз мураккаб бўлгани учун 10 та жарроҳлик амалиётидан 8 таси хориж шифокорлари, 2 таси ўзбекистонлик шифокорлар томонидан мукаммал ўтказилган.

Эслатиб ўтамиз, республикада илк буйрак трансплантацияси 2018 йил Наманганда 21 ёшли қизда амалга оширилган. Шунингдек, Бухоро кўп тармоқли тиббиёт марказида илк марта 43 ёшли эркакда буйрак трансплантацияси амалга оширилди.

Тошкентда 28 ёшли аёл турмуш ўртоғига жигарининг бир қисмини, Сурхондарёда аёл 31 ёшли эрига бир буйрагини берган эди. Бундан ташқари, Ўзбекистонда 90 ёшли беморда мураккаб кардиохирургик амалиёт муваффақиятли ўтказилгани маълум қилинган.

Энг муҳим янгилик — бу 2022 йил якунигача барча ҳудудларда буйрак трансплантацияси амалиёти йўлга қўйилиши. Бунда трансплантация учун беморлар пойтахтга ёки бошқа ҳудуларга боришининг олди олинади.