Шавкат Мирзиёевнинг «Рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатадиган тўсиқларни бартараф этиш ва тадбиркорлик фаолияти йўналишларини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳаси 16 декабрь куни муҳокамага қўйилди.

Фото: «Bugun.uz»

Лойиҳада хорижий давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, норасмий валюта операциялари вужудга келишининг олдини олиш, шунингдек, хизматларни узлуксиз равишда (24/7 режимда) кўрсатиш имконини яратиш мақсадида хусусий тадбиркорларга валюта айирбошлаш хизматини кўрсатишга рухсат бериш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, молиявий хизмат кўрсатиш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига кредит уюшмаси хизматлар бозорига кириш имкониятини яратиш кўзда тутилган. Бундан ташқари, тенг рақобат шароитини яратиш мақсадида хусусий тиббиёт муассасаларига ҳайдовчиларни ва ҳайдовчиликка номзодларни тиббий кўрикдан ўтказиш фаолияти билан шуғулланишга рухсат берилади. 

Шу билан бирга, Монополияга қарши курашиш қўмитаси икки ойлик муддатда табиий монополия инфратузилмасидан хусусий секторни тенг шароитда фойдаланишини таъминлаш мақсадида табиий монополия соҳаларини тартибга солиш ҳамда асосий фаолият тури табиий монополия бўлмаган субъектлар фаолиятини такомиллаштириш бўйича янги тартиб ишлаб чиқади. Муҳокама 31 декабрга қадар давом этади.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев «Мева-сабзавотчилик соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, тармоқда кластер ва кооперация тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолаганди.