АОКАда 17 декабрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Президентнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев мамлакат ҳудудига август ойида кириб келган афғонистонлик муҳожирлар ҳақида маълумот берди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Фото: «Bugun.uz»

Ташқи ишлар вазирлиги вакили Термизда катта сонда қочқинлар бўлмагани ҳамда айрим қочқинлар ватанига қандай шартларда қайтарилганини айтди.

«Термизда афғон қочқинлари бор, деган маълумот нотўғри. Бундай қочқинлар Термизда оммавий тарзда бўлмаган. Бундай афғонлар йўқ. Августдаги фожиали кунларда Амударёдан қочиб ўтган тахминан 150 нафар афғон қочқинлари Термизда бор эди. Улардан бир қанчаси Европа мамлакатларига қочоқ мақомини олган ҳолда жўнаб кетди.

Мен улар билан гаплашганимда (улар орасида Афғонистоннинг эски ҳукумати учун ишлаган вакиллар бўлган) ‘Агар бизни ўлдиришмайдиган бўлса, бизни қамашмайдиган бўлса, бизнинг қолишга моддий имкониятимиз йўқ, биз мамлакатимизга қайтиб кетамиз’, дейишди. Мен ўзим ‘Толибон’ ҳукумати раҳбарлари билан гаплашдим, улар ‘Биз уларга тегмаймиз, агар улар халқи учун, ватани учун хизмат қилишга тайёр бўлса, биз уларни афв қиламиз’, дейишди. Улар орасида ҳарбийлар ҳам бор эди. Мен ўзим буни шахсан назоратимга олдим, улардан бирортаси ўлдирилмади, қамалмади.

Ўзбекистон ҳудудидаги турли шаҳарларда яшаб келаётган афғон фуқаролар ҳақида айтадиган бўлсак, уларнинг бир қисми учун учинчи давлатларга қочоқ мақомида кўчиб ўтиши учун халқаро институтлар ёрдам беради, бу ерда қолиб ишлаш ва яшаш имкониятига эга бўлганлар визаси узайтирилишига ёрдам берилади. Шу билан бирга, визаси узайтирилмаганлар мажбурий равишда мамлакатдан чиқариб юборилади», — деди Исматулла Иргашев.

Аввалроқ Ўзбекистон орқали Мозори Шарифга гуманитар ёрдам жўнатилганди. Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси Афғонистон муваққат ҳукумати билан музокара ўтказганди.