«Ўзбекнефтгаз»га қарашли автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида 17 декабрь кунидан бошлаб Аи-80 маркадаги бензин 6890 сўмдан арзонлаштирилиб, 1 литр ёқилғи 6500 сўм нархида сотувга чиқарилди. Бу ҳақда акциядорлик жамияти ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, акциядорлик жамияти раисининг топшириғига асосан «Ишчи гуруҳ»лар тузилган ва нефть маҳсулотларининг истеъмолчиларга етказиб берилиши тўлиқ назоратга олинган.

Бензин тақчиллигининг олдини олиш ва нархини арзонлаштириш борасида «Ўзбекнефтгаз», Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва Товар-хомашё биржаси ҳамкорлигида чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Республика ҳудудидаги компанияга тегишли барча АЁҚШларда бензин арзонлаштирилган нархда сотилиши таъминланган.

Аввалроқ «Ўзбекнефтгаз» Аи-80 бензини 26 ноябрь куни соат 20:00 дан бошлаб 6890 сўмдан сотувга чиқарилишини маълум қилганди.