Қонунчилик палатасининг Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри чегаралари ўзгариши юзасидан тегишли қарори ижроси юзасидан ҳудудларда бир қатор ишлар амалга оширилди. Бу ҳақда Тошкент вилояти Кадастр бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Тошкент вилояти Кадастр бошқармаси ахборот хизмати

Қайд этилишича, Кадастр агентлиги ва Давлат кадастрлари палатасининг Тошкент вилояти бошқармаcи томонидан ҳудудларда олиб борилган хатлов ишлари натижаcига кўра, Қибрай туманидан Яшнобод туманига жами 2107,4 гектар ер, шундан 1002,6 гектар қишлоқ хўжалиги ер майдони ҳамда қуйидаги ижтимоий объектлар ўтказилиши таъминланган:

  • маҳаллалар — 8 та;
  • нотурар жойлар — 195 та;
  • турар жойлар — 5091 та;
  • мактаблар — 3 та;
  • мактабгача таълим муассасалари — 1 та;
  • диний муассасалар — 2 та;
  • қабристонлар — 2 та;
  • тиббий муассаса — 1 та.

Қибрай туманидан Яшнобод туманига ўтаётган аҳолининг доимий яшаш манзили Тошкент шаҳри Яшнобод тумани этиб белгиланади.

Эслатиб ўтамиз, Қонунчилик палатасида 10 август куни Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масала кўриб чиқилганди. Қонун лойиҳасида Тошкент вилоятининг Зангиота, Юқори Чирчиқ, Ўрта Чирчиқ ва Қибрай туманлари ҳудудидан Тошкент шаҳрининг Сергели, Бектемир, Мирзо Улуғбек ва Яшнобод туманлари ҳудудига 7853,3 гектар ер майдони қўшиб берилиши кўзда тутилган. Ўз навбатида, Тошкент шаҳрининг Бектемир ва Сергели туманлари ҳудудидан Тошкент вилоятининг Зангиота ва Юқори Чирчиқ туманлари ҳудудига 171,3 гектар ер майдони ўтказилиши режалаштирилган.