Зафар Тўрақулов 17 декабрь куни Фарғона вилояти Қувасой шаҳар ҳокими этиб тайинланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Фото: ЎзА

Маълум қилинишича, айни пайтда Халқ депутатлари Қувасой шаҳар кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтмоқда. Унда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров иштирок этаётган бўлиб, ўз маърузасида шаҳар катта имкониятларга эга бўлса-да, кўплаб соҳаларда оқсоқлик кузатилаётгани, ҳудудни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш дастурларининг ижроси қониқарсиз эканини айтиб ўтди.

Хусусан, саноат, тадбиркорлик учун қулай инфратузилма мавжудлиги, аммо шаҳарда ишсизлик муҳим муаммолардан бирига айлангани, кўп қаватли уйлар қурилиши, қишлоқ хўжалиги ўз ҳолига ташлаб қўйилгани танқид қилинган. Собиқ шаҳар ҳокими Равшан Раҳимжоновда ташаббускорлик, талабчанлик етишмагани, ҳокимнинг юки оғир эканлиги таъкидланган.

Сессияда ташкилий масала кўрилиб, Зафар Қодирович Тўрақулов шаҳар ҳокими этиб тайинланган. У 1974 йилда Бувайда туманида туғилган. Ҳозирга қадар АТБ «Универсалбанк» бошқаруви раиси лавозимида ишлаб келаётган бўлган.

Маълумот ўрнида, собиқ ҳоким Равшан Раҳимжонов 2020 йил 4 апрелда ушбу лавозимга тайинланганди.

Аввалроқ Президентнинг тегишли фармони билан Даврон Ҳидоятов Тошкент вилояти ҳокими лавозимидан озод этилиб, Чирчиқ шаҳри ҳокими лавозимини эгаллагани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Навоий вилояти Қизилтепа туманига тадбиркор Улуғбек Файзиев ҳоким этиб тайинланган.