Рейтинг. Мигрантларга солиқ, мадҳия жараёнидаги бузилган протокол, «замминистр»нинг иккинчи хотинидан тортиб, қўйиб юборилган «Malibu»ларгача. Йилнинг энг шов-шувли «қовун»лари

Бу йил қовун мавсуми илгариги йилга қараганда «камҳосилроқ» бўлди, десак фикримизга қўшиласизми? Аниқроқ айтадиган бўлсак, бугунги рейтингимизда. Биз сиз билан йил давомида «туширилган қовунлар» — ҳам кулгили, ҳам қандайдир маънода ачинарли ҳолатлар ҳақида суҳбатлашамиз.

Фото: «Халқ сўзи»

Жорий йил мамлакатда бўлиб ўтган президентлик сайловида «Миллий тикланиш» партиясидан номзод сифатида иштирок этган Алишер Қодиров 14 октябрь куни Андижон вилоятида сайловчилар билан бўлиб ўтган учрашув жараёнида мигрантлардан ҳам солиқ ундириш ғоясини илгари сурди. «Нима учун бизда бугун мигрантлар хорижда ишлаб топган даромадидан солиқ тўламаслиги керак? Ўзбекистоннинг тараққиёти учун, келинглар, солиқ тўлайлик. Биз ҳозир фақат мигрантлар ишлаётган жойидан оиласига жўнатган пулини ҳисоб-китоб қиляпмиз. Тўғри, бу ҳам яхши, пул келяпти. Буниям тан олишимиз керак, лекин у сизнинг оилангизга жўнатилган пул. У билан солиқ тўланаётгани йўқ, у мамлакат тараққиёти учун ишлатилмаяпти. Шунинг учун мен таклиф қилган бўлардимки, келинглар, янаям ватанпарварроқ бўлайлик, мигрантлар ҳам ўз солиғини мамлакат тараққиётига тўласин”, — дейди Қодиров.

2021 йилнинг 6 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда Сенат раиси Танзила Норбоеванинг Ўзбекистонда чироқ ўчиши беш йил аввалги тарихда қолгани тўғрисида гапиргани ҳақида тарқалган видеолавҳа қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. «Умуман олганда, ‘свет’ ўчиши, зулматда ўтириб, телевизор кўролмаслик беш йил олдинги тарих эди. Ҳозир буларнинг барчаси бартараф қилинди», — дейди Норбоева. Маълум бўлишича, Сенат раиси бу сўзларни 2021 йилнинг 18 октябрь куни президент сайловини ёритиш бўйича Тошкент шаҳридаги Халқаро медиа ҳоллда ўтказилган «Хотин-қизларнинг сайлов ҳуқуқлари кафолатлари ҳамда сайловларда уларнинг фаоллигини оширишнинг долзарб масалалари» мавзусидаги очиқ мулоқотда айтган. Айтиш жоизки, воқеа ортидан республиканинг турли ҳудудларидан одамлар томонидан чироқ йўқлиги ҳақида гапириб чиқилган видеотасвирлар тарқалиши авж олди.

Халқаро пресс-клубнинг 1 декабрь куни бўлиб ўтган сессиясида бошловчи Шерзодхон Қудратхўжа жамоат хавфсизлигини сақлашга масъул тузилмалар учун «BMW», «Mercedes» ва «Ferrari» каби автомобиллар харид қилиниши кераклигини таъкидлади. «Охирги [русумдаги] ‘Malibu’да юриш мумкин, охирги [русумдаги] ‘Porsche’да юриш мумкин. Дубайда [полиция ходимлари] энг охирги [русумдаги] машинада юради. Чунки жиноятчига етиб олиш керак. Биз жиноятчига ‘Lacetti’да етиб ололмаймиз. Жиноятчиларга етиб олиш учун биз ҳам керак бўлса, 10 та ‘БМW’, 10 та ‘Mercedes’ ва ‘Ferrari’ — зўрларини олишимиз керак. Чунки жиноятчилар билиши керак — давлат улардан кучли. Керак бўлса қувлайди, етиб олади, топади, тўртта «7»лик номеринг бўлса ҳам ўзи сен билан гаплашади», — дейди Шерзодхон Қудратхўжа.

Тошкентда тунги рейдда қоидабузарлик қилган аёл ўзини «замминистр»нинг иккинчи хотини дея таништириб, қоидаларга бўйсунишдан бош тортди.

Фото: «Aniq.uz»

Ҳодиса йилнинг энг шов-шувлиларидан бўлди, десак муболаға бўлмас. UzReport каналида эълон қилинган видеода Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ инспектори томонидан тўхтатилган аёл ўзини вазир ўринбосарининг иккинчи хотини эканлигини айтиб, жанжал кўтарганлиги акс этган. Тошкент шаҳар ИИББ маълумотларига кўра, 30 июль куни Учтепа тумани, КҲАЙ кўчаси, Жаҳон тиллари университети қаршисида ўтказилаётган махсус рейд тадбирида ЙПХ инспектори томонидан оқ рангли «Nexia-3» русумли давлат рақами 01 Х 743 DB бўлган автоуловга тўхташ ишораси берилди, бироқ ҳайдовчи ЙПХ инспекторининг қонуний талабига бўйсунмасдан ўз ҳаракатини давом эттирган. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида мазкур транспорт воситаси КҲАЙ ва Фарҳод кўчалари кесишмасида тўхтатилади. ЙПХ инспектори томонидан текширилганда транспорт воситаси ҳайдовчиси 1996 йилда туғилган Э.Мадина автотранспорт воситасининг техник қайд этиш гувоҳномасидан ташқари бошқа ҳужжатларни тақдим эта олмаганлиги айтилади. Жавобгарликдан қочиб қутулиш мақсадида Э.Мадина ва унинг укаси Э.Умид (1999 йилда туғилган) ИИО ходимларининг фаолиятига тўсқинлик қилиб, жанжал кўтарган. Аёлнинг укаси ҳам оператор ва ЙПХ ходимларига қўполлик қилган: «Синдириб ташлайман, фойда бермайди формангиз ҳам». Ундан ҳужжатлар сўралганда, «Тошкент фуқаросиман» деб жавоб бериб, ҳужжатлари ўзи билан эмаслигини айтган.

Қоидабузар билан «яхши етиб олинг» дея хайрлашиши керак бўлган йўл-патруль хизмати инспектори воқеаси ёдингизда бўлса керак.

Фото: «Gazeta.uz»

2021 йилнинг 2 август куни ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятида қоидабузар ҳайдовчини тўхтатган ЙПХ ходими рация орқали «юқоридан» келган буйруқ сабаб уни қўйиб юборишга мажбур бўлгани тасвирланган видео тарқалганди. Унда хизмат вазифасини бажариб, ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштириш вақтида ЙПХ инспекторига рация орқали алоқага чиқилгани ва «Malibu»ни қўйиб юбориш бўйича буйруқ берилганини кўриш мумкин. «Телефон қилишди, қанақа машинани ушлаб турибсан? Қўйвор бўлди, кўп гапирмасдан. Яхши етволинг деб тушунтирвор», деган буйруқ берувчи овоз. Кейинроқ Тошкент вилояти ИИБ матбуот хизмати ҳодиса 28 июль куни Олмалиқ шаҳрининг Мирзо Улуғбек кўчасида содир бўлгани, инспектор «Ўзбектемирйўлмаштаъмир» унитар корхонасига тегишли бўлган автомобилни ҳайдовчи ҳаракат вақтида хавфсизлик камаридан фойдаланмагани учун тўхтатгани ва унга қоидабузарни қўйиб юборишни буюрган командирга чора кўрилганини маълум қилди.

Сирдарё вилояти ҳарбий блок раҳбарлари мадҳия вақтида қандай ҳаракат қилишни билмай шошиб қолишди. 9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Сирдарё вилоятида ўтказилган тадбирда Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаевнинг ортида турган ҳарбийлар давлат мадҳияси янграй бошлаши билан қандай «чест» кўрсатишни билмай шошиб қолишгани тасвирланган видеолавҳа кўпчиликка кайфият улашган бўлса ҳам ажаб эмас. Лавҳада улар аввалига қўлларини бош кийимларига қўндириб, «чест» бериб туришгани, кейин эса қўлларини кўксиларига қўйиб туришганини кўриш мумкин.

Фото: «Qalampir.uz»

Бу тушунмовчилик тўрт ҳарбий иштирокида бир неча марта такрорланган ва бу вақт давомида камера ҳолатни тасвирга олишда давом этган. Шу ўринда айтиш жоизки, 1996 йил 9 октябрдаги Президент фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучларининг ички хизмат низомида бу борада шундай ёзилган: «Давлат мадҳияси ижро этилаётган пайтда сафда турган аскарлар команда берилмасдан қад ростлаган ҳолатга ўтадилар. Взвод командири ва ундан юқорида бўлганлар, бундан ташқари, қўлларини бош кийимларига қадайдилар. Сафдан ташқарида бўлган ҳарбий хизматчи мадҳия ижро этилаётган вақтда сафона қадрост ҳолатига киради, агар бош кийими бўлса, қўлини унга қадайди».

Дарахтлар билан ҳам «қовун» тушириш мумкинлигига ишонасизми? Ишонмасангиз, туваги билан ерга экиб қўйилган дарахтлар ва дарахт атрофида айлана жой қолдириб, бетон қуйиб чиққан ишчиларнинг фотосуратларини кўз олдингизга келтиришингиз кифоя.

Товарнинг пулини анча олдиндан олиб, кейин худди ҳеч нима бўлмагандек уни тақдим қила олмаслигини айтиб, пулларни қайтариш ҳақида хабар қила оладиган «қовунчи» монополист ташкилот дунёда битта бўлса керак. Ҳа, тўғри ўқидингиз. «UzAuto Motors» компанияси «Chevrolet Captiva-5» автомобилларини етказиб бериш бўйича шартномалар тузишни тўхтатди. «Юзага келган ҳолат компания тарихида биринчи бор юз бериши, лекин биз бугунги кунда жаҳон автомобиль саноати оғир кунларни бошдан кечираётганлиги ва бизнинг компаниямиз ҳам бундан мустасно эмаслигини бир неча бор хабар қилганмиз. Шу муносабат билан, ‘UzAuto Motors’ АЖ раҳбарияти ва жамоаси ўз мижозларидан келтирилган ноқулайликлар учун чексиз узр сўрайди ҳамда айни пайтдаги вазиятда мижозлари учун қайғуриб, қабул қилинган қарори ягона тўғри йўл эканлигига ишонади», дейилади компания хабарида. Қайд этилишича, мижозлар мурожаатидан кейин 3 кун ичида тузилган шартномалар бўйича тўланган барча маблағлар тўлиқ қайтарилади. Шунингдек, компания қўшимча равишда олдиндан тўлов суммасининг 5 фоизини компенсация сифатида тақдим этади.

Ўзбекистонда бир қанча ижтимоий тармоқларнинг блокланиши йилнинг энг шов-шувли «қовуни» бўлди, назаримизда. 2021 йилнинг 2 июль куни Ўзбекистонда Tik-Tok ҳамда Twitter сервисларига чеклов ўрнатилган эди. Мазкур «қовунли ҳодиса» муаллифи «Ўзкомназорат» юқоридаги тармоқлар ва бундан ташқари «ВКонтакте» ва Skype блоклангандан сўнг WeChat ижтимоий тармоғи ҳам блокланишини эълон қилди. Ушбу ҳодисадан кўп ҳам вақт ўтмай, 3 ноябрь куни Ўзбекистонда Telegram, Facebook, Instagram ижтимоий тармоқлари ва YouTube видеоҳостинги фаолиятида ҳам узилишлар кузатила бошланди ва «Ўзкомназорат» мазкур платформалар фаолияти ҳам тақиқ остига олинганлигини эълон қилди. Бироқ жамоатчилик назорати устун келди, ёруғлик тезлигида кўтарилган резонанс натижасида улар аҳолига Telegram, Facebook, Instagram ва YouTube’ни «қайтариб бердилар». Бироқ юқорида номи тилга олинган бошқа тармоқларнинг тақдири ҳали ҳам мавҳумлигича қолмоқда. Биз эса бу «қовун»ни ҳеч қачон унутмасак керак.

Бизда ҳозирча шулар. «Қовун»ларимиз серҳосил бўлаверсин, фақат тушириладиганлари эмас, тилни ёриб ейиладиганлари. Мароқли ҳафта тилаймиз. Яна рейтинглашгунча!

Ўзбекистонда 9 август куни кузатиладиган об-ҳаво маълумоти эълон қилинди
Жамият1:05 | 9.8.22
Ўзбекистонда 9 август куни кузатиладиган об-ҳаво маълумоти эълон қилинди
Россияда ўзбекистонлик эркак машинасида одам ўлдирди
Жаҳон0:51 | 9.8.22
Россияда ўзбекистонлик эркак машинасида одам ўлдирди
Россияда ўзбекистонлик аёлнинг устига бекат павильони тушиб кетди
Жаҳон0:50 | 9.8.22
Россияда ўзбекистонлик аёлнинг устига бекат павильони тушиб кетди
Хоразмда маст ҳайдовчи «Nexia»да ЙПХ ходимининг машинасини уриб юборди
Жамият, Хоразм0:44 | 9.8.22
Хоразмда маст ҳайдовчи «Nexia»да ЙПХ ходимининг машинасини уриб юборди
Ўзбекистон аҳолисининг неча фоизи меҳнатга лаёқатли экани айтилди
Жамият0:41 | 9.8.22
Ўзбекистон аҳолисининг неча фоизи меҳнатга лаёқатли экани айтилди
Самарқандда меҳмондорчиликда юз берган жанжал оқибатида бир киши вафот этди
Жамият, Самарқанд0:40 | 9.8.22
Самарқандда меҳмондорчиликда юз берган жанжал оқибатида бир киши вафот этди
Колумнистлар
Ваҳимали янгиликлар жонига теккан ёки уларни ўқишдан ўзини тия олмайдиганлар учун қўлланма