Россия янги афғон ҳукумати расмийларига қурол сотмаслиги маълум қилинди. Бу ҳақда Россия президентининг махсус вакили, Россия Ташқи ишлар вазирлигининг Осиё бўйича иккинчи департаменти директори Замир Кабулов «Известия»га маълум қилди.

Фото: «Reuters»

Унинг сўзларига кўра, Россия ҳаракат ҳукуматига қурол сотмайди, бундай имконият ҳақидаги гаплар аҳмоқликдир. «Мутлақ аҳмоқлик, бундай гап ҳатто хаёлга ҳам келмайди», — деган у Ғарб ОАВларида нашр этилган Москва «Толибон» ҳаракати аъзоларига қурол етказиб бериши мумкинлиги ҳақидаги хабарларга жавобан.

Кабуловнинг таъкидлашича, «Толибон» ҳаракатига қурол керак эмас, чунки ҳаракатда «улар етарлича». Дипломатнинг айтишича, Қўшма Штатлар шу қадар кўп қурол қолдирганки, бу икки давлатга етарли бўлади.

Аввалроқ Россия «Толибон» ҳаракати ҳокимиятни эгаллашини олдиндан билгани маълум бўлганди. Шунингдек, Россия қўшинларининг Афғонистонга киритилиш эҳтимоли баҳоланганди.