Корея Республикаси президентининг Сеул шаҳридаги «Чонг Ва Дэ» қароргоҳида 17 декабрь куни Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, олий мартабали меҳмон ва унинг рафиқаси шарафига фахрий қоровул саф тортган. Икки мамлакат давлат мадҳиялари янграган. Сўнг давлат раҳбарлари икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида музокара ўтказган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Корея Республикаси президенти олий мартабали меҳмонни қутлаб, Сеул Тошкент билан ҳамкорликни барча йўналишларда янада ривожлантиришга катта аҳамият қаратаётганини таъкидлаган.

Шавкат Мирзиёев эса таклиф учун миннатдорлик билдириб, очиқлик ва ўзаро ишонч икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар ривожи учун мустаҳкам пойдевор бўлиб келаётганини таъкидлаган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон етакчиси узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган амалий шерикликнинг устувор йўналишларини қайта кўриб чиқишни даврни ўзи тақозо қилаётганини алоҳида қайд этган.

Ўзбекистон Президенти яқин даврга мўлжалланган ҳамкорликда учта асосий йўналиш: «яшил» тараққиёт, рақамлаштириш ва ижтимоий ҳимоя тизимини мустаҳкамлаш масалалари кун тартибида турганини таъкидлаган. Истиқболдаги барча қўшма лойиҳалар, дастур ва ҳаракатлар режаларини шу асосий устуворликлардан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқиш таклиф этилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шунингдек, глобал ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар юзасидан фикр алмашилди. Корея Республикаси Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига сайланишини, шунингдек, 2023 йилда Жаҳон туризм ташкилоти Бош ассамблеяси 25-сессиясини ўтказиш жойи сифатида Самарқанд номзодини қўллаб-қувватлади. Ўзбекистон, ўз навбатида, Кореянинг 2024-2025 йилларда БМТ Хавфсизлик кенгаши муваққат аъзоси бўлиш ниятини қўллаб-қувватлаши маълум қилинган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Президентининг давлат ташрифи, унинг доирасида қабул қилинган қарорлар ва эришилган келишувларнинг аҳамиятига кўра, алоҳида стратегик шериклик муносабатларини янада юқори даражага олиб чиқиш учун мустаҳкам пойдевор яратувчи тарихий воқеа бўлди.

Фото: Президент матбуот хизмати
Фото: Президент матбуот хизмати
Фото: Президент матбуот хизмати
Фото: Президент матбуот хизмати

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 16 декабрь куни Корея Республикасига жўнаб кетиб, етиб боргани ҳақида хабар берилганди. Сеул шаҳридаги аэропортда давлат раҳбарини тантанали кутиб олиш маросими бўлган. Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортиб, артиллериядан тўплар отилган.

Президент 17 декабрь куни Сеулдаги миллий қабристонга ташриф буюриб, марҳумлар хотирасига эҳтиром кўрсатган. Шавкат Мирзиёев рафиқаси ҳамроҳлигида мазкур қабристондаги ёдгорлик пойига гулчамбар қўйган ва эсдалик битиги қолдирган.