Жамоат арбоби, таниқли олима Светлана Рашидова 14 декабрь куни АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида вафот этди.

Светлана Рашидова 1952 йил Тошкент шаҳрида Шароф Рашидов оиласида туғилган ва оилада энг кичиги бўлган. Тошкент Давлат университетининг романо-герман факультетини тамомлаган. 

Москва давлат университетида чет эл адабиёти фанлари номзоди илмий даражасини олиш учун номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган. Тошкент давлат университетининг роман-герман факультетида доцент лавозимида ишлаган.

У 1971 йилда Алишер Воҳидовга турмушга чиққан. Уларнинг Нигора ва Шароф исмли фарзандлари бор. Алишер Воҳидов Нью-Йоркда 1994 йилдан Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили вазифасини бажарувчи, 1997-2008 йилларда эса республиканинг БМТдаги элчиси, доимий вакили лавозимларида ишлаган. 

Светлана Рашидова БМТ делегациялари меҳмондўстлик қўмитасининг БМТдаги дипломатларнинг оила аъзолари билан ишлаш бўйича вице-президенти сифатида Нью-Йоркдаги жамоат ишларида иштирок этган. 1997–2008 йилларда эса Ўзбекистоннинг БМТдаги элчиси ва доимий вакили лавозимида ишлаган.

Маълумот ўрнида, марҳума билан видолашув маросими Нью-Йоркда 17 декабрь, жума куни соат 10:00 дан 13:00 гача бўлиб ўтади. Светлана Рашидова Ўзбекистонда дафн этилади.