Шавкат Мирзиёев 17 декабрь куни Сеул шаҳрида Корея Миллий ассамблеяси спикери Пак Бён Сок билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, суҳбатда Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги алоҳида стратегик шериклик муносабатлари ҳар томонлама ривожланиб бораётгани, Президентнинг ушбу давлат ташрифи уларга янги кучли суръат бағишлагани таъкидланди. Турли даражаларда, шу жумладан, парламентлараро ҳамкорлик йўналишида самарали сиёсий мулоқот ва алоқалар фаол давом эттирилмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Таъкидланишича, Ўзбекистон–Корея муносабатларини мустаҳкамлашда парламентлараро «дўстлик гуруҳлари» муҳим ўрин тутади. 2021 йил июнь ойида уларнинг онлайн учрашуви бўлиб ўтган. Давлат бошқарувини ислоҳ қилиш, фуқаролик жамияти, гендер масалалари, таълим ва ҳудудларни ривожлантиришга доир қонун ижодкорлиги масалаларида тажриба алмашилмоқда. Учрашувда икки томонлама ҳамкорликни янада фаоллаштириш юзасидан батафсил фикр алмашилган.

Миллий ассамблея спикери Корея тажриба алмашишни кенгайтиришга, жумладан, Ўзбекистонда электрон парламент механизмларини жорий қилишга кўмаклашишга тайёр эканини билдирган. Корея парламенти вакиллари 2022 йилда Тошкент шаҳрида ўтказиладиган Жаҳон мамлакатлари парламентларининг аёл спикерлари саммитида иштирок этишини тасдиқлаган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шунингдек, қўшма дастур ва лойиҳаларни илгари суришнинг янги институционал механизмларини жорий қилиш ташаббуси қўллаб-қувватланган. Томонлар «Корея Республикаси – Марказий Осиё» ҳамкорлик форуми доирасидаги яқин мулоқотни давом эттиришдан манфаатдор эканини тасдиқлаган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Пак Бён Сок 2022 йилда тарихий саналар — дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги ва корейс диаспораси Ўзбекистонда истиқомат қилишининг 85 йиллигини кенг нишонлаш бўйича тадбирлар халқлар ўртасидаги дўстлик ва ўзаро англашувни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлаган. Олий даражада эришилган келишувлар ижроси устидан самарали парламент назоратини таъминлаш муҳим экани қайд этилган.

Аввалроқ Сеулда Ўзбекистон Президентини расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтгани хабар қилинганди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев 2022 йилни «Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги ўзаро алмашинувлар йили» деб дипломатик номлашни таклиф этган.