Шимолий Корея ҳукумати фуқароларга Ким Чен Ир вафотининг 10 йиллиги муносабати билан кулиш ва спиртли ичимлик ичишни 11 кунга тақиқлади. Бу ҳақда «Daily Mail» хабар берди.

Фото: «NK News»

Маълум қилинишича, шимолий кореяликларга, бундан ташқари, одамлар гавжум жойда яхши кайфият белгиларини кўрсатиш ҳам тақиқланган бўлиб, чеклов Ким Чен Ирнинг хотира тадбирларида ҳам давом этади.

«Мотам даврида спиртли ичимлик истеъмол қилмаслик, кулмаслик керак, базм ёки шунга ўхшаш тадбирларни ташкил қилиш мумкин эмас», дейилади хабарда. Маҳаллий манбаларнинг хабар беришича, фуқароларга 17 декабрь — КХДР собиқ раҳбари вафот этган куни дўконларга бориш тақиқланган. Аммо бу барча чекловлар эмас.

«Оила аъзоларингиз мотам пайтида вафот этган тақдирда ҳам сиз баланд овозда йиғлашингиз мумкин эмас, дафн маросимини барча воқеалар тугаганидан кейингина ўтказиш мумкин», — дейди исмини ошкор қилмаган манба.

Яна бир шимолий кореяликнинг айтишича, мамлакатда ҳатто одамларнинг қайғули кўринишини назорат қилиш учун полиция ходимларидан иборат махсус отряд тузилган.

Аввалроқ Шимолий Корея аҳолисидан Ким Чен Иннинг туғилган кунига аталган ширинликлар учун пул йиғилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Шимолий Корея нима учун Жанубий Корея билан алоқаларни узгани маълум қилинганди.