Афғонистонда ҳокимият тепасига келган «Толибон» ҳаракати ҳукумати мамлакатнинг Душанбедаги элчихонаси ҳисобига адашиб 800 минг долларга яқин маблағ ўтказди. Бу ҳақда элчихона манбаси «Avesta»га хабар берди.

Фото: «РИА Новости»

Маълум қилинишича, бу маблағ Ваҳдат шаҳрида афғон қочқинлари болалари учун мактаб қурилиши учун мўлжалланган бўлган. Тожикистонда қочқин болалар учун мактаб қуриш қарорини Афғонистоннинг собиқ президенти Ашраф Ғани 2021 йил март ойида Душанбега ташрифи чоғида қабул қилган. Ғани Кобулга қайтгач, Молия вазирлигига бунинг учун 800 минг долларга яқин маблағ ажратишни топширган. Молия вазирлиги бу маблағни Афғонистоннинг Душанбедаги элчихонаси ҳисобига ўтказиши керак бўлган. Аммо бу иш амалга оширилмаган.

«Катта эҳтимол билан пул ўтказма учун манзилни кўрсатган ҳолда Кобулдаги Молия вазирлигининг ҳисоб рақамларида қолган ва янги ҳокимият пул маблағини адашиб ўтказган», — дейди манба.

Таъкидланишича, ноябрь ойи охирида ҳаракат ҳукуматининг ташқи ишлар вазирлиги Афғонистоннинг Душанбедаги элчихонасига тўловни қайтаришни талаб қилиб хат юборган. Бироқ янги ҳукумат дунёнинг ҳеч бир давлати томонидан тан олинмагани учун ҳаракатга пулларни қайтариб бера олмаслигини айтган. «Бундан ташқари, ўтказилган маблағ аллақачон элчихона эҳтиёжларига сарфланган», — дейди манба.

Аввалроқ «Толибон» ҳукумати раҳбарияти қанча маош олиши маълум бўлганди. Шунингдек, «Толибон» ҳаракати сиёсатининг асосий йўналишлари маълум қилинган.