Инсон ҳуқуқлари билан шуғулланувчи ҳукуматга қарашли бўлмаган «Amnesty International» ташкилоти «Толибон» томонидан тинч аҳолига нисбатан қўлланилган қийноқлар ва судсиз қотилликларга оид далиллар тўпланган янги ҳисобот тақдим этди.

Фото: «Amnesty International»

Ҳисоботда «Толибон» жиноятларидан ташқари, Америка кучлари ва афғон хавфсизлик хизматларининг ҳаракатлари таҳлил қилинган ва бу ҳам одамларнинг азобланишига сабаб бўлгани айтилган. «Кобулда ҳукумат қулашидан олдинги ойлар сон-саноқсиз ҳарбий жиноятлар ва ‘Толибонʼ томонидан қон тўкилиш билан ўтди», — дейди «Amnesty International» бош котиби Агнес Калламар.

Таъкидланишича, тинч афғон фуқароларига қарши жиноятлар ҳамма жойда – уларнинг уйларида, шифохоналарда, мактаб ва дўконларда содир этилган. Одамлар кундалик ҳаётларининг исталган нуқтасида ўлдирилган ва жароҳатланган. Жумладан, 2021 йил 6 сентябрь куни «Толибон» кучлари Панжшер вилоятидаги Бозарак шаҳрига ҳужум қилган. Қисқа жангдан сўнг тахминан 20 киши «Толибон» томонидан қўлга олинган ва уларнинг баъзилари каптархонага қамалган. Улар қийноққа солинган, озиқ-овқат, сув ва тиббий ёрдамдан маҳрум қилинган ва бир неча бор қатл қилиш билан таҳдид қилинган.

Ўша куни толиблар яқин атрофдаги Урмаз қишлоғига ҳам ҳужум қилган ва у ерда собиқ ҳукуматда ишлаганликда гумон қилинган шахсларни аниқлаш учун уйма-уй тинтув ўтказган. Ҳаракат жангчилари 24 соат ичида камида олти фуқарони асосан боши, кўкраги ёки юрагига ўқ отиш йўли билан қатл этган.

Ҳисоботда сўнгги йилларда тўртта ҳаво ҳужуми – учтаси АҚШ кучлари ва биттаси Афғонистон Ҳарбий-ҳаво кучлари томонидан амалга оширилгани айтилган. Зарбаларда жами 28 нафар тинч аҳоли (15 эркак, 5 аёл ва 8 бола) ҳалок бўлган, яна олти нафари яраланган.

2020 йилнинг 9 ноябрида АҚШ кучлари томонидан амалга оширилган ҳаво ҳужуми оқибатида Қундуз вилоятининг Хонобод шаҳри Мулла Ғулом маҳалласидаги бир оила уйида беш нафар тинч аҳоли, жумладан, уч ойлик чақалоқ ҳалок бўлган ва олти нафари яраланган.

Бундай зарбалар 2021 йил 29 августда Кобулда АҚШ дронлари ҳужуми оқибатида 10 киши, жумладан, етти бола ҳалок бўлган. Кейинроқ АҚШ ҳарбийлари ҳалок бўлганлар тинч аҳоли эканини тан олган. Ҳисоботда қуруқликдаги жанглар пайтида жами 12 нафар тинч аҳоли (беш эркак, бир аёл ва олти бола) ҳалок бўлгани ва яна 15 киши яралангани қайд этилган. 2021 йил 22 июнь куни Захайл шаҳрида миномётдан отишма оқибатида бир киши ҳалок бўлиб, икки киши яраланган.

Шу сабабли ҳисобот муаллифлари афғонларнинг азоб-уқубатлари учун моддий товон олиш, шунингдек, жиноятчиларга нисбатан адолатни таъминлаш мақсади эканини қайд этган. «Халқаро жиноий суд АҚШнинг Афғонистондаги ҳарбий амалиёти ва афғон ҳарбийлари ҳаракатларини тергов қилиш мақомини олиб ташлаш ҳақидаги нотўғри қарорини бекор қилиши керак. Бунинг ўрнига, оқибатлари қандай бўлишидан қатъи назар, барча мавжуд далилларини кўриб чиқиши керак», — деган «Amnesty International» раҳбари.

БМТнинг Афғонистондаги миссияси маълумотларига кўра, 2021 йилнинг дастлабки олти ойида 1659 нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлган, 3524 нафари яраланган, бу 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 47 фоизга кўпдир.

Аввалроқ Афғонистон собиқ президенти «Толибон»нинг Кобулни эгаллашига оид қўшимча маълумотларни очиқлаганди. Шунингдек, «Толибон» ҳаракати афғон аёллари қандай либос кийиши кераклигини маълум қилган.