Япониялик олимлар хурмо инсон организмининг коронавирус инфекциясига қарши курашига ҳисса қўшиши мумкинлигини маълум қилди. Бу ҳақда «Archynewsy» хабар берди.

Фото: «Kyodo News»

Маълум қилинишича, ушбу меванинг касалликка қарши дори эканини Кашихара шаҳридаги Нара тиббиёт университети олимлари тадқиқоти давомида аниқлаган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, хурмо таркибидаги танин туфайли вирусни юқтириш хавфини камайтиради. Таъкидланишича, олимлар буни аниқлаш учун ҳайвонлар устида тадқиқот олиб борган. Илгари танинни олмаган ҳайвонлар организмида вируснинг юқори кўрсаткичи қайд этилган. Шунингдек, мутахассислар уларнинг ўпкасида пневмония белгиларини аниқлаган. Танин олган иккинчи назорат гуруҳи таркибидаги ҳайвонларнинг аҳволи эса яхши бўлган.

Қайд этилишича, турли мамлакатларда жуда машҳур бўлган хурмо таркибида мавжуд бўлган калий ва магний инсонни юрак-қон томир ва ҳатто саратон касаллигидан ҳимоя қилади.

Аввалроқ «омикрон» штами билан касалланишнинг энг юқори чўққиси қачон кузатилиши маълум бўлганди. Шунингдек, ЖССТ «омикрон» штамининг хавфлилик даражасини баҳолагани ва дунёда «омикрон» штамидан биринчи ўлим қайд этилгани маълум қилинган.