15 декабрь ҳар йили дунёнинг етакчи чой ишлаб чиқарувчи мақомига эга бўлган барча мамлакатларида Чой куни сифатида нишонланади. Чой азалдан ер юзидаги энг қадимги ва энг фойдали ичимликлардан бири ҳисобланади. Сана муносабати билан «Bugun.uz» колумнисти, фармацевт Шаҳбоз Ҳасанов чойнинг фойдали ва зарарли хусусиятлари ҳақида ҳикоя қилади.

Фото: «Luxfon.com»

Ушбу байрам нисбатан ёш байрамлардан биридир. Уни 15 декабрда нишонлаш тўғрисида қарор 2004 йилда Мумбайда (Ҳиндистон) ва 2005 йилда Порту-Алегрида (Бразилия) бўлиб ўтган Бутунжаҳон ижтимоий форуми чоғида неча бор ўтказилган муҳокамалардан сўнг қабул қилинди. Ичимлик сифатида чой Хитойнинг иккинчи императори Шен Нунг томонидан тахминан милоддан аввалги 2737 йилда чой дарахти баргларини пиёласидаги иссиқ сувга солганда кашф этган деб ишонилади. Чойнинг бугунги кунда биз истеъмол қилишга ўрганиб қолган икки хили мавжуд. Булар қора ва кўк чой. Келинг, улар орасидаги фарққа назар ташлаймиз.

Қора ва кўк чой ўртасидаги фарқлар

Қора ва кўк чой ўртасидаги таъм ва ҳид фарқлари шунчалик кучлики, кўпчилик уларни фарқли ўсимликлардан йиғилган деб ҳисоблайди. Бироқ бу фикр нотўғри. Иккала нав ҳам Камелия синенсис деб номланган ўсимликдан тўпланади. Яъни унинг барглари ва куртакларидан териб олинади. Аммо баргларни қайта ишлаш жараёни бошқача. Қора чой учун барглар тўлиқ ферментланади, кўк чой учун эса фақат қуритишдан олдин озгина ишлов берилади.

Кўк чой учун барглар 2–3 фоиз билан ферментланган бўлиши мумкин бўлса-да, оксидловчи жараёнларни деярли ёки бутунлай четлаб ўтиб қуритилади. Кимёвий жараёнларни тўхтатиш учун йиғишдан кейин барглар махсус қурилмаларда буғ билан ишлов берилади. Кимёвий таркибига кўра кўк чойни янги узилган чой баргларига энг яқин деб айтиш мумкин.

Қора чой қизил-жигарранг рангли, хушбўй ҳидли, енгил аччиқликка эга бўлган ичимлик. Қора чой олиш учун йиғилган барглар керакли намлик ва ҳарорат сақланадиган хоналарда, махсус стендларда юпқа қатлам билан ётқизилади. Ферментация учун жуда паст ҳарорат ва юқори намлик муҳим, шундагина чой баргидаги кимёвий жараёнлар имкон қадар самарали бўлади. Қора чойнинг ферментацияси 70–85 фоизга етади, бу ичимликнинг қуюқ ранги ва унинг таъмида акс этади.

Фото: «Sirpuer.com»

Чойнинг таркиби

Чой баргларида танинлар (15–30 фоиз), 5 фоизгача алкалоидлар (кофеин, теофиллин, теобромин), флавоноидлар, эфир мойлари, витаминлар (C, B1, B2, P, K, PP), макро ва микроэлементлар (калий, кальций, магний, темир, марганец, мис, цинк, кобальт, селен, никель ва бошқалар) учрайди.

Чойнинг шифобахш хусусиятлари

Иссиқ чойга ўтадиган бой биологик фаол моддалар тўплами нафақат ичимликнинг ўзида, балки унинг даволовчи таъсирида ҳам акс этади. Шундай қилиб, чойнинг рағбатлантирувчи хусусиятлари асосан кофеин билан боғлиқ. Чойни тайёрлаш тури ва усулига қараб, бир стакан ичимлик 0,02 дан 0,1 граммгача кофеинни сақлайди. Кофеин марказий асаб тизимини ва юрак фаолиятини рағбатлантиради, қон босимини оширади, мия, жигар, буйрак томирларини кенгайтиради ва сийдик чиқаришни кучайтиради.

Чойдан катта миқдорда куч йўқотиш, чарчоқ, ҳолсизлик ва ақлий фаолият пасайганда фойдаланиш яхши таъсир кўрсатади. Биринчи ёрдам кўрсатишда, марказий асаб тизимининг тушкунлигида, юрак фаолияти ва нафас олишнинг заифлашишига (алкоголь ва бошқа дорилар билан заҳарланиш) олиб келадиган заҳарланишда чой берилади. Теофиллин ва теобромин алкалоидлари марказий асаб тизимига енгил стимулловчи таъсир кўрсатади, аммо сийдик чиқаришни сезиларли даражада оширади.

Олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, чой баргларида уч юзга яқин ингредиентлар, жумладан, оқсиллар, ёғлар, 10 дан ортиқ турдаги витаминлар, шунингдек, чой фенол, теин ва липид шакарлари мавжуд. Шунинг учун чой танани озиқлантиради, физиологик жараёнларни тартибга солади ва умумий шифобахш таъсирга эга. Чой айниқса ўрта ва кекса ёшдаги одамлар учун фойдалидир.

C, E, D витаминлари, ниасин ва ёд чойни узоқ умр кўришда ёрдам берувчи ичимлик даражасига кўтарган. Чой барглари таркибидаги феноллар радиоактив моддаларни ютади, ҳатто суякларда тўпланган стронций-90 ни ҳам танадан олиб чиқиб кетади. Тадқиқот маълумотларига кўра, ошқозондаги 1–3 фоиз танин организмдан 30–40 фоиз стронцийни олиб ташлайди. Шунинг учун чой қийин экологик шароитларда доимий ичимлик ҳисобланади.

Теин қон томирларини кенгайтиради, кислород алмашинувини фаоллаштиради ҳамда юрак тезлигини ва қон босимини оширмасдан мушакларнинг тонусини яхшилайди. Теин чой таркибидаги фенол билан биргаликда танадаги холестерин миқдорининг ошишига тўсқинлик қилади ва шунинг учун миокард инфарктининг олдини олиш учун ишлатилиши мумкин.

Юқорида келтирилган хоссаларига кўра чой қон ишлаб чиқариш функциясига фойдали таъсир кўрсатади, мушаклар ва суякларни мустаҳкамлайди ва қалқонсимон безнинг фаолиятини қўллаб-қувватлайди.
Бундан ташқари, чой тетиклаштиради, чарчоқни кетказади ва бактерицид таъсирга эга. Шунинг учун ўрта ёшда чой истеъмолини ошириш тавсия этилади.

Баъзи илмий далиллар шуни кўрсатадики, қора чой ичиш инсульт хавфини камайтиришга ёрдам беради. 10 йил давомида 75 000 га яқин одам иштирок этган бир тадқиқот шуни кўрсатдики, кунига тўрт ёки ундан кўп пиёла қора чой ичганларда чой ичмайдиганларга қараганда инсульт хавфи деярли 30 фоизга кам бўлган.

Шунингдек, чой ташқи восита сифатида ҳам ишлатилади. Компресслар ва малҳамлар шаклида офтоб уриши, кўзнинг яллиғланиши учун, бўшашган ва қуруқ терининг эластиклигини ошириш ва тозалаш учун косметик восита сифатида, кичик томирларнинг деворларини ёпиш ва териости қон кетишининг олдини олиш учун ишлатилади.

Чойнинг халқ табобатида қўлланилиши

  • сутли ва ширин иссиқ чой — алкоголь билан заҳарланишда, гиёҳванд моддалар, дори-дармонлар учун антидот ҳисобланади;
  • лимон, қора мурч ва асал қўшилган чой — нафас олиш йўллари ва ўпканинг шамоллашида, сийдик ҳайдовчи ва тер ҳайдовчи восита;
  • янги чой барглари шарбати, чой экстракти ёки кукунли қуруқ чой куйиш учун восита сифатида хизмат қилиши мумкин;
  • қуруқ яшил чойни чайнаш ҳомиладор аёлларда токсикоз давридаги кўнгил айниши ва қусишда, шунингдек, автомобилларда ҳаракатланганда кўнгил айниши ва денгиз касаллигида яхши самара беради;
  • ўткир аччиқ чойни тўқ қоринга доимий истеъмол қилиб юриш ошқозон ва ўн икки бармоқ ичак касалликларида, шунингдек, теридаги яраларни йўқотишда ёрдам беради.

Чойнинг зарари бор(ми?)

Фото: «Smak.ua»

Чойнинг барча шифобахш хусусиятларини юзага чиқариш учун уни режим билан ичган яхшироқ. Кунига 5–7 пиёла чой идеал миқдор ҳисобланади. Кўп миқдорда ичилганда танага салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Шунингдек:

  • ётиш олдидан қабул қилмаслик лозим, бу уйқусизликка олиб келади;
  • кўк чой қон босимига таъсир қилади;
  • тишларда қора доғлар пайдо қилиши мумкин;
  • ошқозон кислотасига таъсир қилади — ошқозонда яра бўлса, оч қоринга ичмаган маъқул;
  • иситма туширувчи дорилар (парацетамол, ибупрофен)ни чой билан ичиш мумкин эмас, дориларнинг таъсир кучи йўқолади;
  • болалар кўп чой ичмаслиги керак — нервни қўзғатувчи таъсирга эга;
  • ҳомиладорлик пайтида эҳтиёткорлик билан истеъмол қилинади — организмдан ҳомила ривожланиши учун керак бўлган фолий кислотасини чиқариб ташлайди.

Хулоса қиладиган бўлсак, чой кўпчиликнинг севимли ичимлигидир. Уни куч ва узоқ умр ичимлиги деб бежиз айтишмаган. Аммо чой ичишда ҳам меъёрларга амал қилсак, унинг фойдали хусусиятлари биз учун айни муддао бўлади.