Афғонистонда ҳокимиятни назоратга олган «Толибон» ҳаракатига қарши курашаётган Афғонистон Миллий қаршилик фронти сўнгги 8 кун ичида 61 нафар ҳаракат аъзосини йўқ қилди. Бу ҳақда Миллий қаршилик фронти матбуот котиби Сибғатуллоҳ Аҳмадий Facebook’даги саҳифасида маълум қилди.

Фото: Афғонистон миллий қаршилик фронти матбуот маркази

Аҳмадийнинг сўзларига кўра, жангарилар 16 вилоятда — Боғлон, Панжшер, Кобул, Каписа, Саманган, Тахор, Парвон, Бадғис, Лағмон, Балх, Фарёб, Ғазна, Гор, Ҳирот, Нангарҳор ва Кунарда «Толибон» ҳаракатига қарши «муваффақиятли партизан операциялари»ни олиб борган. Оқибатда ҳаракат катта талафот кўрган.

«Душманга қарши энг катта зарба Кобул, Каписа, Боғлон ва Панжшер вилоятларида берилди. Миллий қаршилик фронти бу операцияларни шундай маҳорат билан уюштирдики, тинч аҳолидан ҳеч ким жабрланмади. Амалиётларда жасур аскарларимиздан 2 нафари ҳалок бўлди, яна 3 нафари яраланди», — дейди Аҳмадий фронт мамлакат «Толибон» режимидан тўлиқ озод қилинмагунча ўз фаолиятини давом эттиришини қўшимча қилган ҳолда.

Аввалроқ Афғонистон қаршилик фронти «Толибон» ҳаракати асосий қўмондонларидан бирини ўлдирганди. Шунингдек, «Толибон» ҳаракати Панжшер қаршилик кучларининг пистирмасига дуч келгани ва Панжшер қаршилик кучлари «Толибон» ҳаракатининг камида 600 нафар жангчисини йўқ қилгани айтилганди.