Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг юқори мартабали вакили телефон орқали ўтказилган брифингда АҚШ Эронга қарши санкцияларни бекор қилиш шартини маълум қилди. Бу ҳақда манбасига таяниб, «ТАСС» хабар берди.

Фото: «Trend.Az»

Унинг сўзларига кўра, Эроннинг Эрон ядровий дастури бўйича қўшма кенг қамровли ҳаракатлар режасига риоя қилишга қайтиши АҚШнинг бу давлатга нисбатан санкцияларини бекор қилишга олиб келади.

«Эроннинг ядровий келишувга қайтиши АҚШ санкцияларини бекор қилишнинг ягона йўли», — дейди Миллий хавфсизлик кенгашининг юқори мартабали вакили Теҳроннинг ядровий келишувга қайтиш истагидан кейин Вашингтоннинг санкцияларни бекор қилиш масаласини муҳокама қилинишини қўшимча қилган ҳолда.

Маълумот ўрнида, Эрон ядровий келишуви ва Вашингтоннинг Теҳронга қарши санкцияларини бекор қилиш бўйича музокараларнинг еттинчи раунди 29 ноябрь куни Венада бошланган ва европалик иштирокчилар мулоқотни давом эттиришдан аввал қўшимча маслаҳатлашувлар учун ўз мамлакатларига қайтганидан сўнг 3 декабрда тўхтатилган. 9 декабрь куни яна бир босқич бўлиб ўтган, унда Эрон томонларга АҚШ санкцияларини бекор қилиш ва ядровий дастурга оид масалалар бўйича иккита ҳужжат шаклида ядровий битимни янгилаш бўйича келишув лойиҳасини тақдим этган.

Айни пайтда Австрия пойтахтидаги учрашувларда келишув қоидаларига тўлиқ риоя қилиш истиқболлари муҳокама қилинмоқда. Ушбу келишув Эрон билан 2015 йилда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий «бешлиги» ва Германия томонидан ядровий дастури бўйича инқирозни бартараф этиш мақсадида имзоланган. АҚШнинг аввалги президенти Дональд Трамп 2018 йилда келишувдан чиқиш тўғрисида қарор қабул қилган. Америка маъмуриятининг амалдаги раҳбари Жо Байден эса бир неча бор АҚШни Теҳрон билан ядровий келишувга қайтаришга тайёрлигини билдирган. «Беш плюс бир» гуруҳи (Россия, Буюк Британия, Германия, Хитой, АҚШ ва Франция) 2021 йил апрель ойидан буён Венада Эрон билан келишувни асл кўринишида тиклаш бўйича музокаралар олиб бормоқда.

Аввалроқ Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир-Абдуллахон АҚШ Трамп даврида Ислом Республикасига нисбатан жорий қилинган санкцияларни бекор қилмаса, 2015 йилги ядровий келишувга қайтишнинг «имкони йўқ»лигини айтганди. Шунингдек, Россия АҚШни Эрон билан қарама-қаршилик таъсири борасида огоҳлантирганди.