АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари номаълум муаммо туфайли гипертовушли ракетани синовдан ўтказа олмади. Бу ҳақда АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондонлигига таяниб, «The War Zone» портали хабар берди.

Фото: «Reuters»

Маълум қилинишича, «AGM-183A» ракетаси синовлари 15 декабрга режалаштирилган ва «B-52 Stratofortress» самолётидан учирилиши режалаштирилган. «Номаълум муаммо туфайли ишга тушириш жараёни тўхтатилди. Ракета заводга қайтарилади, борт маълумотлари ва ҳодиса юзасидан текширув ишлари зудлик билан бошланади», дейилади хабарда.

Қайд этилишича, бу «AGM-183A» ракетасининг учинчи учирилиши бўлган, бундан олдин амалга оширилган биринчи 2 та синов ҳам тўлиқ муваффақиятли ўтмаган. Биринчи синовлар 2021 йил апрель ойида бўлиб ўтган. Ўшанда ҳарбийлар ракета «учириш жараёнини якунлай олмагани» ва самолётда қолганини хабар берган. Иккинчи синов жараёнида шунга ўхшаш ҳолат кузатилган. Ҳарбий-ҳаво кучлари муваффақиятсизлик сабабларини ўрганишга ва қайта ишга туширишга ваъда берган.

«Дастлабки икки ҳолатда ‘AGM-183Aʼ ракетаси ‘B-52 Stratofortressʼ самолётидан хавфсиз тарзда ажралиб чиққан, аммо кутилганидек ишламаган. Синовлар ҳарбийларга жараённинг бошқа жиҳатларини ҳам баҳолаш имконини берган», дейилади хабарда.

Аввалроқ АҚШ Ҳарбий-денгиз кучлари Аден кўрфазида сувости кемаларига қарши лазер қуролини синовдан ўтказганди. Шунингдек, мамлакатда ҳарбийлар учун учар ликопча синовдан ўтказилгани хабар берилганди.