Янгиликлар - 21:00 · 18.12.2021

Бугун оқшоми. Бош кийимида ҳайдовчини алкотестдан ўтказган «ГАИ» ходими, Тошкент метросида тақиқланаётган пранклар, футболдан кетган Одил Аҳмедов

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Тошкент метрополитенида рухсатсиз профессионал суратга олиш, турли қаҳрамонлар кийимида бекатларга кириш ва ҳаттоки пранк шаклидаги видеолар олиш ҳам тақиқланиши мумкин.

«Тошкент метрополитени» ДУК «Bugun.uz»га маълум қилишича, 17 декабрь куни Вазирлар Маҳкамасининг «Тошкент метрополитенидан фойдаланиш қоидаларини ҳамда Тошкент метрополитени фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарор лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига қўйилган.

Фото: «Bugun.uz»

Мазкур ҳужжат билан бир қатор нормалар (чекловлар) жорий қилиш кўзда тутилган. Хусусан, раҳбариятнинг ёзма рухсатисиз хизмат кўрсатиш (техник) хоналарида, бекатлар ва объектларда профессионал видео ва фото (учувчисиз учиш воситалари ёрдамида) суратга олиш тақиқланиши бўйича банд келтирилган.

Шунингдек, охирги пайтларда ижтимоий тармоқларда машҳурликка эришиши осон бўлган видео тури — пранклар олиш ҳам тақиқланиши мумкин. Бундан ташқари, метрополитен бекатларига рухсатсиз театр, эртак қаҳрамонлари кийимларида ва шоу-томоша ниқобларида кириш тақиқланиши мумкин.

Бу ҳали ҳаммаси эмас, ушбу қарор лойиҳаси қатор нормалар (чекловлар)ни ўз ичига олади. Улар билан батафсил бу ерда танишиб чиқишингиз мумкин.

Ўзбекистонда маҳаллалар маълум бир маҳсулот етиштиришга ихтисослаштирилади. Бу вазифа вилоят ҳокимларига юклатилди.

Шавкат Мирзиёев 16 декабрь куни «Томорқадан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, шунингдек, аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолади. Қарор билан вилоят ҳокимларига ҳоким ёрдамчилари билан биргаликда қатор янги вазифалар юклатилди.

Фото: «Bugun.uz»

Вилоят раҳбарлари бўйнига тушган янги вазифаларнинг баъзилари (асосийлари)ни қуйида келтирамиз, тўлиғини эса бу ерда ўқишингиз мумкин.

Ушбу қонун аҳоли хонадонларида, қоида тариқасида, 100 бош парранда, 5–10 бош курка, 20 бош қуён, 5–6 бош қўй ва эчки, 5 та асалари уяси боқишни кўзда тутади. Буни ташкил этиш, ёзилганидек, тўғридан-тўғри вилоят ҳокими вазифасига киради.

Бундан ташқари, энди вилоят раҳбарларига «хонадонбай» ишлаш асосида ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароити ва ҳудуд аҳолисининг тажрибасидан келиб чиққан ҳолда томорқа хўжаликларини «Бир маҳалла — бир маҳсулот» тамойили асосида маҳсулот етиштиришга ихтисослаштириш вазифаси ҳам юкланди.

Сурхондарёда блогер оиласига таҳдид бўлганини айтмоқда. Лекин вилоят ИИБ буни рад этди.

Сурхондарё вилояти Олтинсой туманида яшовчи фуқаро Отабек Абдиевнинг уйига 3 декабрь куни бир гуруҳ ходимлар тергов бўйича тинтув ўтказиш учун келгани ҳақида видеомурожаат тарқалди. Вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Кадр: YouTube / Nargiza Abdiyeva

Унда таъкидланишича, фуқаронинг яшаш уйи ва ёрдамчи хўжаликларида ишга алоқадор ашёлар сақланаётган бўлиши эҳтимоли борлиги назарда тутилиб, прокуратура идораларининг санкциясига асосан унинг яшаш уйида қонунда белгиланган тартибда тинтув тергов ҳаракатлари ўтказилган.

Тинтув тергов ҳаракати давомида ишга алоқадор ашёлар аниқланмаган ва олинмаган. Ходимлар томонидан ноқонуний хатти-ҳаракатлар бўлмагани маълум бўлган.

Ҳайфсаннинг «қаттиқ» тури ҳам бор, буни бош кийимидан алкотестер сифатида фойдаланган қорақалпоғистонлик инспектор олди.

Кадр: Telegram

Қорақалпоғистонда бош кийимидан алкотестер сифатида фойдаланган «ГАИ» ходими эсингиздами? Ушбу ходимга нисбатан хизмат текшируви ўтказилиб, «Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг маст ҳолатда эканлигини аниқлаш тартиби тўғрисида»ги низом ҳамда ички ишлар вазирининг айрим меъёрий буйруқлари талабларини бузгани учун қаттиқ ҳайфсан интизомий жазоси қўлланди.

Колумнистимиз Ҳабибулло Мўйдинов ушбу воқеа қандай бўлганини тахмин қилиб кўрди.

Карикатура: Bugun.uz / Ҳабибулло Мўйдинов

Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Одил Аҳмедов футболчилик фаолиятини якунлади.

Нафақат Ўзбекистонда, балки Осиё футболида ҳам ўзига яраша ўринга эга бўлган 34 ёшли Одил Аҳмедов футболчилик фаолиятини расман якунлаганини эълон қилди. Ўзбекистон футбол федерацияси футболчининг хайрлашув маросими учун махсус тадбир ташкил қилди.

Фото: Ўзбекистон футбол федерацияси матбуот хизмати

Наманганлик ўзбек футболи юлдузи бундан аввалроқ миллий терма жамоадаги фаолиятини якунлаганди. У бу вақтга қадар миллий терма жамоа сафида 108 та ўйин ўтказиб, 21 та гол уришга муваффақ бўлган. Клублар миқёсида эса Аҳмедов Ўзбекистоннинг «Пахтакор», Россиянинг «Анжи» ва «Краснодар» ҳамда Хитойнинг «Шанхай СИПГ» жамоаларида тўп сурган.

Одил Аҳмедов, шунингдек, 4 та Жаҳон чемпионати саралашида қатнашган, 3 бор Осиё кубогида иштирок этган ва «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи» фахрий унвони билан тақдирланган.

Гарчи сен миллий терма жамоа сафида Жаҳон чемпионатларида тўп сура олмаган бўлсанг-да, ўзбек футболида яхшигина из қолдирдинг. Барчаси учун раҳмат, жаноб Аҳмедов!

Ўқиш тавсия қилинади: 17–18 декабрь кунлари Туркиянинг Истанбул шаҳрида Туркия–Африка ҳамкорлигининг 3-саммити ўтказилмоқда. Ҳозирда чуқур молиявий бўҳронлар ичида қолаётган Туркия Африкада нималарни кўзламоқда? Умуман ушбу саммитдан кўзланган мақсадлар қандай? Батафсил — «Шарқий экспресс» рукнининг бугунги сонида!

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.