Шавкат Мирзиёев 16 декабрь куни «Томорқадан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, шунингдек, аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзАда эълон қилинди.

Фото: «Bugun.uz»

Қайд этилишича, қарор томорқа хўжаликларида маҳсулот етиштиришни кўпайтириш орқали аҳоли даромадини ошириш, ички бозорни озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдириш, томорқада етиштирилган маҳсулотларни кафолатли харид қилиш тизимини яратиш, шунингдек, ҳар бир туманда томорқа ер эгалари ва ишлаб чиқарувчилар ўртасида кооперация алоқаларини ривожлантириш мақсадида қабул қилинган.

Ҳужжат билан Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ҳокимларига ҳоким ёрдамчилари билан биргаликда қуйидаги янги вазифалар юклатилди:

  • томорқа хўжаликлари билан агросаноат кластерлари, тайёрлов, қайта ишлаш ва экспортёр корхоналарни жалб этган ҳолда кооперация алоқаларини ташкил этишга кўмаклашиш;
  • аҳоли хонадонларида, қоида тариқасида, 100 бош парранда, 5-10 бош курка, 20 бош қуён, 5-6 бош қўй ва эчки, 5 та асалари уяси боқишни ташкил этиш;
  • маҳсулот етказиб берувчи ва хизматлар кўрсатувчи ташкилотлар рўйхатини шакллантирган ҳолда, жойларда «тарқатиш ва маҳсулотларни йиғиб олиш бўйича мобил хизматлар» фаолиятини йўлга қўйиш;
  • «хонадонбай» ишлаш асосида ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароити ва ҳудуд аҳолисининг тажрибасидан келиб чиққан ҳолда томорқа хўжаликларини «Бир маҳалла – бир маҳсулот» тамойили асосида маҳсулот етиштиришга ихтисослаштириш;
  • ҳар бир маҳаллада кооперация асосида парранда, қуёнчилик, қўй-эчкичилик, асаларичилик ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш билан шуғулланиш истагини билдирган етакчи тадбиркорларни аниқлаш.

Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 8 июнь кунги фармони билан ҳокимларнинг ер ажратиш ҳуқуқи бекор қилинганди. Унга кўра, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ер муносабатларига оид қатор ваколатлари, улар юзасидан қарор, фармойиш ёки бошқа турдаги ҳужжат қабул қилиш ҳуқуқи 2021 йил 1 августдан бекор қилинган.