Самарқанд шаҳрида 1 ёшга тўлмаган ўғлини ерга уриб ўлдирган эркакка суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда «Янги давр» дастурида хабар берилди.

Кадр: Telegram / @Yangidavr_rasmiy

Маълум бўлишича, қотиллик бўлган куни эр-хотин ўртасида жанжал келиб чиққан. Аёл эрининг айтганини қилмагани учун судланувчи унинг қўлидаги 1 ёшга тўлмаган болани олиб, унинг боши билан ерга бир неча марта урган.

Оқибатда бола воқеа жойида ҳалок бўлган. Судланувчи эса воқеа жойидан қочиб кетган. Қайд этилишича, суд залида эркак ўз айбига иқрор бўлмаган, унинг онаси ҳам беайб эканини айтган. Аммо гувоҳлар ва жабрланувчининг кўрсатмалари бир хил чиққан.

Самарқанд шаҳар суди ҳолат юзасидан ҳукм чиқарди. Эркакка Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) билан 2-қисмининг «в» ва «ж» бандлари билан 18 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Аввалроқ Тошкент шаҳри Яшнобод туманида эрини жанжал сабаб пичоқлаб қўйган аёлга суд ҳукми ўқилгани ҳақида хабар берилганди.