Шифокорлар «омикрон» ва «дельта» штамининг хавфлилик даражасини баҳолагани билан боғлиқ натижаларни эълон қилди. Бу ҳақда «Bloomberg» хабар берди.

Фото: «Financial Times»

Маълум қилинишича, коронавируснинг «омикрон» штами биринчи аниқланган Жанубий Африка Республикасида сўнгги кунларда касалхонага ётқизиш кўрсаткичларининг камайиши қайд этилган.

Жанубий Африка шифокорларининг дастлабки маълумотларига кўра, «омикрон» штами «дельта»га қараганда енгилроқ ўтади, аммо тезроқ тарқалади. Мамлакат Cоғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, янги тўлқиннинг иккинчи ҳафтасида Жанубий Африкада кунига 20 мингдан ортиқ инфекция ҳолати қайд этилган, «дельта» штамини юқтириш билан боғлиқ кўрсаткич эса 4,4 мингтани ташкил этган.

Маҳаллий шифокор Жо Фаахланинг айтишича, коронавирус тўртинчи тўлқинининг иккинчи ҳафтаси охирида мамлакатда касалланганларнинг атиги 1,7 фоизи касалхонага ётқизилган. «Дельта» штами ҳукмронлик қилган учинчи тўлқин пайтида инфекцияланганларнинг 19 фоизи касалхонага мурожаат қилган.

Аввалроқ африкалик шифокор «омикрон» штамининг аломатларини маълум қилганди. Шунингдек, италиялик олимлар «омикрон» штамининг илк суратини намойиш қилганди. Шу билан бирга «омикрон» штамининг иккита ноодатий аломати аниқланганди.