Давлат статистика қўмитаси «orginfo.uz» сайти устидан Ички ишлар вазирлигига қилинган шикояти бўйича расмий баёнот берди.

Фото: «Bugun.uz»

Баёнотда қўмита «orginfo.uz» веб-сайти ва шу каби бошқа электрон платформаларнинг ёпилиши тарфдори эмаслиги, ҳолат сайтга жойлаштирилган нотўғри маълумотга қўмитанинг асос қилиб ёзилгани сабаб юз бергани айтилган.

«Давлат статистика қўмитаси ‘orginfo.uz’ веб-сайти ва шу каби бошқа электрон платформаларнинг ёпилиши тарфдори эмас. Давлат статистика қўмитасининг ягона Давлат регистри маълумотлар базасида корхона ва ташкилотлар ҳақидаги маълумотлар Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида ҳар куни янгиланиб борилади.

Қўмита мазкур ҳолатда ‘orginfo.uz’ веб-сайтига Давлат статистика қўмитасининг расмий маълумотларига тўғри келмайдиган ахборотларда қўмита номининг манба сифатида келтирилишига эътироз билдирган, холос. Сир эмаски, бир манбага эга бўлган икки хил маълумот фойдаланувчиларни чалғитиши, статистик маълумотларнинг ишончсизлигига олиб келади.

Қўмита мутахассислари бундан 7–8 ой олдин ‘orginfo.uz’ веб-сайтига айнан нотўғри маълумотларга Давлат статистика қўмитаси номини манба сифатида кўрсатмаслиги бўйича электрон почта орқали мурожаатлар қилган. Афсуски, бу мурожаатларга жавоб берилмаган. Сайтда алоқа учун телефон рақами кўрсатилмаган. Қўмитанинг мурожатларига қарамай, нотўғри маълумотларга қўмита номини манба сифатида келтириш ҳолатлари давом этган.

Шуни инобатга олган ҳолда, қўмита Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекциясига мурожаат қилган. Давлат статистика қўмитаси мамлакатимизда олиб борилаётган очиқлик сиёсатини таъминлашга, очиқ маълумотлар порталини ривожлантириб, очиқ маълумотлар соҳасида кўплаб халқаро рейтинг ва индексларда юқори ўринларни қайд этиб келмоқда. Қўмитанинг расмий веб-сайтидаги маълумотлардан халқаро ташкилотлар ҳам фойдаланаётгани сир эмас.

Кечаги ҳолатдан кейин ‘orginfo.uz’ веб-сайтида маълумотларнинг остида ‘Сайтда берилган барча маълумотлар норасмий. Расмий маълумотларни тегишли давлат ташкилотлари сайтларидан олишингиз мумкин’, деб ёзиб қўйила бошлади. Давлат статистика қўмитаси номи ‘orginfo.uz’ веб-сайти маълумотларидан манба сифатида олиб ташланди. Бу учун ‘orginfo.uz’ веб-сайтига алоҳида миннатдорлик билдирамиз.

Давлат статистика қўмитасининг ягона талаби ҳам шу эди. Ўз навбатида, Давлат статистика қўмитаси ‘orginfo.uz’ веб-сайтининг келгуси фаолиятига омад тилайди», дейилади унда.

Шикоятдан кейин Telegram’даги «Bakiroo» канали «Статистика қўмитаси бизнес билан чатишиб кетган муттаҳам амалдорлар ҳимоясига чиққанга ўхшайди» сарлавҳаси остида хабар ёзиб қолдирганди. Унда қўмита ҳаракати қораланиб, амалдорларнинг «манфаатлар тўқнашуви»дан иборат фаолиятини яширишга уриниш бўлганига ишора қилинган.

«Фойдаланувчилар биладики, ‘stat.uz’ сайти орқали хўжалик субъекти тўғрисида маълумот олиш имкониятлари атайин чекланган. Яъни қўмита сайти юридик шахсларнинг манзили, раҳбари ва таъсисчилари билан боғлиқ маълумотларни акс эттиради, холос. Қўмитанинг сайтидан фарқли ўлароқ ‘оrginfo.uz’ сайти юридик шахс, унинг раҳбари ва таъсисчиларининг аффилланган шахсларини ҳам биратўла кўрсатиш имкониятлари мавжуд. Сайт дастурчи Бобурмирзо Ҳамроқулов томонидан яратилган.

Қарангки, статистика қўмитаси ‘оrginfo.uz’ сайти яратувчиси устидан ИИВга шикоят қилибди. Шунақа чидамаслик бўладими? Бу нима ўзи? Статистика қўмитаси кимни ҳимоя қиляпти?

Ваколатларини шахсий ва қариндош уруғи билан бойиш учун ишлатиб ётган, бизнес билан чатишиб кетган, ҳар қадами манфаатлар тўқнашувидан иборат амалдорлар кети очилиб қолаётганидан шунчалар ташвишдами? Қачондан буён очиқ маълумотлар асосида сервис яратиш қонунбузарлик бўлиб қолди? Уят қисқаси. Янги Ўзбекистонни шарманда қилиш учун яна нималар қилмоқчисизлар?» — деб ёзган блогер.