Сурхондарё вилояти Олтинсой туманида яшовчи фуқаро Отабек Абдиевнинг уйига 3 декабрь куни бир гуруҳ ходимлар тергов бўйича тинтув ўтказиш учун келгани ҳақида видеомурожаат тарқалди. Вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Кадр: YouTube / Nargiza Abdiyeva

Қайд этилишича, фуқаронинг яшаш уйи ва ёрдамчи хўжаликларида ишга алоқадор ашёлар сақланаётган бўлиши эҳтимоли борлиги назарда тутилиб, прокуратура идораларининг санкциясига асосан унинг яшаш уйида қонунда белгиланган тартибда тинтув тергов ҳаракатлари ўтказилган.

Тинтув тергов ҳаракати давомида ишга алоқадор ашёлар аниқланмаган ва олинмаган. Ходимлар томонидан ноқонуний хатти-ҳаракатлар бўлмагани маълум бўлган.

Блогер Наргиза Абдиева томонидан 17 декабрь куни эълон қилинган видеомурожаатда эса ходимлар унинг уйига бостириб кирмоқчи бўлгани, терговга алоқаси бўлмаса ҳам, уйидан гўё ашёвий далил топиш учун ҳаракат бўлаётганини айтган. Блогер бунга вилоят масъул ходим устидан Президент порталига шикоят хати ёзгани сабаб бўлганини таъкидлаган.

Аввалроқ Самарқанд вилояти Нарпай тумани прокурори Камолиддин Жавданов тадбиркорга таҳдид қилгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Вилоят прокуратураси ҳолат юзасидан маълумот берган.