Тошкент метрополитенида фото ва видеога олиш тақиқланиши ҳақида хабарлар тарқалди. «Bugun.uz» бунга аниқлик киритиш мақсадида «Тошкент метрополитени» ДУК матбуот хизмати билан боғланди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум бўлишича, 17 декабрь куни Вазирлар Маҳкамасининг «Тошкент метрополитенидан фойдаланиш қоидаларини ҳамда Тошкент метрополитени фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарор лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига қўйилган.

Унда метрополитен раҳбариятининг ёзма равишдаги рухсатисиз хизмат кўрсатиш (техник) хоналарида, бекатлар ва объектларда профессионал видео ва фото (учувчисиз учиш воситалари ёрдамида) суратга олиш тақиқланиши бўйича банд келтирилган. Аммо буни метрода суратга олиш мутлақо тақиқланаётгандек тушуниш нотўғри.

Метрополитеннинг барча ҳудудларида қуйидагилар тақиқланиши айтиб ўтилган:

  • спиртли ичимликлар, психотроп ва гиёҳванд воситаларни истеъмол қилиш, маст ҳолда кириш;
  • чекиш ва қиздириладиган тамаки, электрон сигареталарни истеъмол қилиш воситаларидан фойдаланиш;
  • метрополитен ҳудудида пойабзалсиз ва кийимсиз ҳолда бўлиш;
  • бекатга ифлос, бадбўй кийим ва пойабзалда, шунингдек, йўловчиларнинг кийимларини, метрополитен вагонларини, иншоотлари ва қурилмаларини ифлос қилиши мумкин бўлган юклар (велосипед, мопед, скутер ва бошқалар) билан кириш;
  • метрополитен раҳбариятининг рухсатисиз бекатларга театр, эртак қаҳрамонлари кийимларида ва шоу-томоша ниқобларида кириш;
  • метрополитен бекатлари ва ҳаракат таркиби вагонларида бошқа йўловчиларнинг кийимларини ифлос қилиши мумкин бўлган музқаймоқ ва бошқа озиқ-овқатларни истеъмол қилиш;
  • ёнувчан газлар билан тўлдирилган шарлар билан бекатга кириш;
  • бекат ва унинг ҳудудида, бекатга туташган ерости ўтиш йўлакларида самокатлар, роликли конкилар, мотоцикл, скутер, велосипед, скейт, барча турдаги ғилдиракли спорт анжомлари ва бошқа шу каби воситаларда ҳаракатланиш (ногиронлар аравачалари бундан мустасно), учувчисиз учиш воситаларидан (дрон) фойдаланиш;
  • бекат ҳудудида, вагонларда акробатик ва спорт машқларни бажариш, ҳар хил турдаги тўпларни ўйнаш;
  • метрополитен раҳбариятининг ёзма равишдаги рухсатисиз, хизмат кўрсатиш (техник) хоналарида бекатлар ва объектларда профессионал видео ва фото (учувчисиз учиш воситалари ёрдамида), суратга олиш, шунингдек, пранк шаклида видеоларни суратга олиш;
  • вагонларнинг ўриндиқларига болаларни пойабзали билан қўйиш ва юкларни жойлаштириш;
  • вагонларнинг ҳаракатланиш ва тўхташ вақтида эшикларини очиш, бекатларда уларнинг очилишига ёки ёпилишига халақит бериш, деразалардан бошни чиқариш, бегона нарсалар ва чиқиндиларни ташлаш;
  • поездлар ҳаракатига тўсқинлик қиладиган буюмларни ташлаш;
  • метрополитен билан тегишли шартнома тузмасдан метро бекатлари ва вагонлар майдонидан тижорат, реклама ва бошқа фаолият учун фойдаланиш, шунингдек, ноқонуний савдони амалга ошириш;
  • фуқароларга тиланчилик, фолбинлик ва бирон нарсани олиш ёки сотишни таклиф этиш мақсадида йўлини тўсиш ва тегажоғлик қилиш;
  • метрополитен раҳбариятининг ёзма рухсатисиз вагонларда ва метрополитен иншоотларида мусиқа асбоблари ва овозни кучайтирувчи қурилмалардан фойдаланиш (эшитиш аппаратлари ва қулоқчинлардан (наушник) фойдаланиш бундан мустасно);
  • метрополитен раҳбариятининг ёзма рухсатисиз маданий, спорт, кўнгилочар, сиёсий, диний ва бошқа тадбирларни ўтказиш;
  • метрополитен фаолиятига тўсқинлик қиладиган ноқонуний хатти-ҳаракатларни содир этиш ёки уларни амалга ошириш учун тайёргарлик кўришни тақлид қилувчи ҳаракатларга йўл қўйиш, шу жумладан, йўловчиларнинг хавфсизлигига хавф соладиган ҳолатлар ёки ҳаракатлар тўғрисида била туриб ёлғон хабарларни тарқатиш;
  • ёнувчан, портловчи, заҳарловчи ва заҳарли моддалар, буюмлар, маиший газ баллонлари, аэрозоль, ўқотар қуроллар, санчилувчи, кесувчи ва осон синувчи нарсаларни, чанғи ва конкиларни ғилофсиз олиб юриш,
    метрополитен иншоотларидан, шу жумладан, шамоллатиш киоскаларидан 25 метрдан кам масофада чиқиндиларни ёқиш, гулханлар ташкил этиш;
  • бирламчи ўт ўчириш воситаларини ва ёнғинга қарши воситаларни (ўт ўчиргичлар, ўт ўчириш шланглари, стволлар ва бошқалар) ўрнатилган жойларидан олиш ва заруратсиз фойдаланиш.
    бекатдаги тақиқланган сариқ чизиқдан ўтиш;
  • эскалаторлар ишлашига тўсқинлик қиладиган ҳаракатларни амалга ошириш, уларга ўтириш ва юк қўйиш;

Қоидалар ва бекатлар номлари кўрсатилган метрополитен йўлларининг чизмалари бекатларнинг касса залларида ва метрополитен ҳаракат таркиби вагонлари ичига жойлаштирилади.

Аввалроқ «Тошшаҳартрансхизмат» йўл ҳақини оширишга шаъма қилаётгани, лекин расман буни инкор этаётгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Тошкент метросида 9 ойда қанча йўловчи ташилгани маълум бўлган.