АҚШ ҳарбийлари 3 давлатга қилинган ҳаво ҳужумларида ҳалок бўлганларнинг ҳақиқий сонини яширгани айтилди

АҚШ ҳарбий раҳбарияти сўнгги бир неча йил ичида Сурия, Ироқ ва Афғонистондаги ҳаво ҳужумларида аввал очиқланганидан кўра кўпроқ тинч аҳоли вакиллари, жумладан, болалар қурбон бўлгани ҳақидаги маълумотларни яшириб келгани аниқланди. Бу ҳақда «The New York Times» хабар берди.

Фото: «ТАСС»

Маълум қилинишича, газета Пентагоннинг 1,3 мингдан ортиқ ички ҳужжатларига асосланиб, шундай маълумот берган. Улардан аниқ бўлишича, бошқарма раҳбарияти томонидан бундай ҳолатлар юзасидан тўлиқ текширув ўтказилмаган, шунингдек, келгусида уларнинг олдини олиш чораси ҳам кўрилмаган.

Демак, расмий статистик маълумотларга кўра, 2014 йилдан буён Сурия ва Ироқда ИШИД жангариларига зарба бериш чоғида 1417 нафар тинч аҳоли, 2018 йилдан буён Афғонистонда яна 188 нафар тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлган. Аммо газета журналистлари мавжуд бўлган материалларни таҳлил қилиб, «юзлаб қурбонлар» ҳисобга олинмаганини ва ҳозирда уларнинг аниқ сонини аниқлашнинг имкони йўқлигини маълум қилган.

Газета сўровига жавобан АҚШ Марказий қўмондонлиги вакили Билл Урбан «Дунёдаги энг яхши технология билан ҳам тўлиқ бўлмаган маълумотлар ёки нотўғри талқин қилиш туфайли хатоликлар юзага келади», — дея жавоб берган. Унинг қўшимча қилишича, агар ҳаво ҳужуми энг тўлиқ маълумот билан амалга оширилган ва барча вазифалар бажарилган бўлса, тинч аҳоли қурбонлари ҳарбийларга қарши интизомий жазо чоралари кўрилишига сабаб бўлмайди.

Аввалроқ АҚШ қатор Яқин Шарқ давлатларидан қурол-яроғларининг бир қисмини олиб чиқиши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, мамлакатлар ҳарбийлари 2020 йилда дунё бўйлаб тинч аҳолини ўлдирганини тан олгани маълум қилинган.

Кўп ўқилган

Бошқа лойиҳаларимиз