Президент томонидан жорий йилнинг 15 декабрь куни «Фавқулодда ҳолат тўғрисида»ги Конституциявий қонун қабул қилинди. Конституцияда фавқулодда вазиятлар юз берган тақдирда фавқулодда ҳолат жорий этилиши, жорий этиш шартлари ва тартиби қонун билан белгиланиши назарда тутилган бўлса-да, шу кунга қадар бу жараённи тартибга солувчи қонун мавжуд эмас эди.

Фавқулодда ҳолат нима? Уни жорий этиш шартлари ва тартиби қандай? Қанча муддатга жорий этилади? Қандай чекловлар жорий этилиши мумкин? Ковид фавқулодда ҳолат эълон қилинишига асос бўладими? «Bugun.uz» колумнисти ҳуқуқшунос Мурод Нажмиддинов мақолада шу хусусида сўз юритади.

Фавқулодда ҳолат нима?

Фото: «Bugun.uz»

Қонунчиликда шу кунга қадар фавқулодда ҳолат тушунчаси аниқ очиб берилмаган эди. 1999 йилда қабул қилинган «Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонунда фавқулодда вазият тушунчасига одамлар қурбон бўлишига, уларнинг соғлиғи ёки атроф табиий муҳитга зарар етишига, жиддий моддий талафотлар келтириб чиқаришга ҳамда одамларнинг ҳаёт фаолияти издан чиқишига олиб келиши мумкин бўлган ёки олиб келган авария, ҳалокат, хавфли табиий ҳодиса, табиий ёки бошқа офат натижасида муайян ҳудудда юзага келган ҳолат сифатида таъриф берилган. Бироқ бу таъриф фақатгина табиий ҳамда техноген хусусиятдаги ҳолатларни ўз ичига олиб, ташқи хавф-хатарларни тўла қамраб олмайди.

«Фавқулодда ҳолат тўғрисида»ги қонунда эса, фавқулодда ҳолат сифатида кишиларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига, юридик шахсларнинг ҳуқуқига айрим чекловлар белгилашга йўл қўядиган ва уларга мажбурият юклайдиган, давлатнинг бутун ҳудудида ёки айрим жойларида вақтинча жорий қилинадиган давлат бошқарув органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятининг алоҳида ҳуқуқий режими кўрсатилади. Айтиш мумкинки, фавқулодда ҳолат фавқулодда вазиятга нисбатан кенгроқ тушунча.

Қандай ҳолларда жорий этилади?

Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги

Фавқулодда ҳолат кишиларнинг ҳаёти, соғлиғи ва хавфсизлигига, давлатнинг конституциявий тузумига, ҳудудий яхлитлигига бевосита таҳдид соладиган ҳолатлар юзага келган тақдирда жорий этилади. Бунда асосий шарт шундаки, бу ҳолатлар фавқулодда чораларни қўлламасдан бартараф этишнинг имкони бўлмаслиги керак. Фавқулодда ҳолатни юзага келтирадиган асосларни шартли равишда қуйидаги икки гуруҳга киритиш мумкин:

  • табиий ва техноген хусусиятга эга бўлган фавқулодда вазиятлар – кенг қамровли авария-қутқарув ишлари ва бошқа кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўрилишини талаб этадиган йирик ҳалокатлар, табиий офатлар, эпидемиялар ҳамда бошқа фавқулодда экологик вазиятлар;
  • давлат ва жамият асосларига хавф солувчи фавқулодда ҳолатлар – реал ташқи хавф, давлатнинг конституциявий тузуми, ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга уринишлар, оммавий тартибсизлик, террорчилик ҳаракатлари, шунингдек, зўравонлик ҳаракатлари билан бир вақтда юз берадиган, кишиларнинг ҳаёти, соғлиғи ва хавфсизлигига, давлат органларининг, бошқа ташкилотларнинг кундалик фаолиятига бевосита таҳдид солувчи ўта муҳим ҳамда тоифаланган объектларни ёки айрим жойларни тўсиш, босиб олиш, қуролли тузилмаларни ташкил этиш, миллатлараро, конфессиялараро ва чегаравий низолар.

Қандай тартибда жорий этилади?

Конституция ва ушбу қонунга асосан Президент фавқулодда вазиятлар (реал ташқи хавф, оммавий тартибсизликлар, йирик ҳалокат, табиий офат, эпидемиялар) юз берганда фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлашни кўзлаб, Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ёки унинг айрим жойларида фавқулодда ҳолат жорий этади ва қабул қилган қарорини уч кун ичида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари тасдиғига киритади. Айни пайтнинг ўзида фармон аҳолини хабардор қилиш учун оммавий ахборот воситаларига эълон қилиниши керак. Фармон келиб тушган пайтдан бошлаб 72 соат ичида Олий Мажлис палаталарининг қўшма қарори қабул қилиниши лозим. Шундан сўнг қўшма қарор дархол Президентга юборилади.

Қўшма қарор қабул қилингандан сўнг 3 кун ичида Ташқи ишлар вазирлиги республиканинг Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактдан (Нью-Йорк, 1966 й.) келиб чиқадиган мажбуриятларига асосан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котибини юқоридаги пактда белгиланган инсоннинг фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқларини вақтинча чеклаш ҳажми ҳамда фавқулодда ҳолатни жорий этиш шартлари тўғрисида хабардор қилади. Шунингдек 24 соат ичида қўшни чегарадош давлатларга фавқулодда ҳолатни жорий этишга асос бўлган ҳолатлар тўғрисида хабар қилинади.

Фото: «Bugun.uz»

Фавқулодда ҳолат давлатнинг бутун ҳудудида ёки айрим жойларида жорий этилиши мумкин. Унинг муддати 30 суткадан, айрим жойлардаги фавқулодда ҳолат эса 60 суткадан ошиши мумкин эмас. Агарда бу муддатда фавқулодда ҳолат юзага келтирган асослар бартараф этилмаса, узайтирилиши мумкин. Шунингдек, агарда муддат ўтмай туриб, ушбу асос бартараф этилса, фавқулодда ҳолат тўлиқ ёки қисман бекор қилинади.

Бошқарувни ким амалга оширади?

Юқорида айтилганидек, фавқулодда вазият режимида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари билан бир қаторда давлат бошқаруви органлари ваколатлари ҳам чекланади. Бу вазиятда эса Президент томонидан фавқулодда ҳолатни юзага келтирган асосларни бартараф этиш билан бевосита шуғулланувчи махсус давлат органлари тузилиши мумкин. Улар жумласига қуйидагиларни киритиш мумкин:

  1. Фавқулодда ҳолат режимини таъминлаш бўйича давлат комиссияси — давлат бошқарув органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти, бошқа ташкилотлар вакилларидан ва ҳудуд комендантларидан иборат таркибда тузилади. Унинг асосий вазифалари сифатида фавқулодда ҳолатни юзага келтирган асосларни бартараф этиш бўйича чора ишлаб чиқиш, тезкор тадбирлар ташкил этиш ва бажарилиши устидан назорат қилиш, комендатуралар фаолиятини мувофиқлаштиришни келтириш мумкин.
  2. Ҳудуд комендатураси — фавқулодда ҳолат жорий этилган ҳудудда режимни таъминловчи кучлар ва воситаларнинг ягона бошқарувини амалга ошириш учун ташкил этилади. Унга Президент томонидан тайинланадиган ҳудуд коменданти бошчилик қилади.

Фавқулодда ҳолат режимини таъминлаш учун Ички ишлар вазирлигининг, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати ва Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг куч ва воситаларидан фойдаланилади. Шунингдек, режимни сақлаб туриш учун Президент фармонига асосан Мудофаа вазирлиги ҳам жалб этилиши мумкин.

Қандай чекловлар ўрнатилади?

Фавқулодда ҳолат ўз моҳиятига кўра шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, давлат органлари ва бошқа ташкилотларининг фаолияти чекланишини англатади. Бироқ чеклов ва тақиқлар чегараси қонун билан қатъий белгиланган бўлиб, чекловлар фақатгина фавқулодда ҳолат амал қиладиган муддат давомида қўлланади. Ушбу чекловларга мисол сифатида қўйидагиларни келтириш мумкин:

  • давлат органлари ваколатларини тўлиқ ёки қисман тўхтатиб туриш;
  • ҳаракатланишга нисбатан чекловлар;
  • жамоат тартибини, ўта муҳим ва тоифаланган объектларни муҳофаза қилишни кучайтириш;
  • фаолиятнинг айрим турларини амалга оширишга чекловлар;
  • озиқ-овқатни ва энг зарур нарсаларни сотиш, сотиб олиш ҳамда тақсимлашнинг алоҳида тартиби;
  • йиғилишлар, митингларни тақиқлаш ёки чеклаш;
  • транспорт ҳаракатини чеклаш.

Шунингдек, фавқулодда ҳолат амал қилишининг бутун муддати давомида сайлов ва референдумлар ўтказилмайди. Агарда бу вақт давомида сайланган шахсларнинг ваколат муддати тугаган бўлса, фавқулодда ҳолат бекор қилингунга қадар узайтирилади. Шуни таъкидлаш лозимки, Конституцияга кўра, Олий Мажлис фавқулодда ҳолат жорий этилган даврда тарқатиб юборилиши мумкин эмас. Бундан ташқари, фавқулодда судлар тузишга ҳам йўл қўйилмайди.

Фавқулодда ҳолат даврида Президент томонидан унинг фавқулодда ҳолатни жорий этиш тўғрисидаги фармонига зид бўлган фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари, вазирлик ва идораларнинг буйруқ ва қарорлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимият органларининг қарорларининг амал қилиши фавқулодда ҳолатнинг амал қилиш муддати давомида тўхтатиб турилиши мумкин. Бироқ бу қоида Конституция, қонунлар ва Олий Мажлис палаталарининг қарорларига нисбатан татбиқ қилинмайди.

Коронавирус фавқулодда ҳолат эълон қилинишига асос бўладими?

Қонунга асосан эпидемиялар фавқулодда ҳолат жорий этилиши мумкин бўлган ҳолатлар сафига киритилган. Шу нуқтаи назарда ковид фавқулодда ҳолат эълон қилинишига асос бўлиши мумкин. Қачонки эпидемия оқибатларини фавқулодда чоралар қўлланмасдан, махсус режим жорий этмасдан бартараф қилиш мумкин бўлмаса.

Хусусан, ўтган йиллар давомида бир қатор давлатларда эпидемия тарқалиши муносабати билан фавқулодда ҳолат эълон қилинган эди. Жумладан, 2020 йилда АҚШ, Албания, Арманистон, Эстония, Грузия, Латвия, Шимолий Македония, Молдoва, Руминия, Сан-Марино ва Сербия каби бир қанча давлатларда, 2021 йилда эса Япониянинг Сайтама, Тиба ва Канагава префектураларида, Чехияда ва Латвияда такроран фавқулодда ҳолат жорий этилди.

John Hopkins университети томонидан дунё миқёсида юритиб келинаётган ковид статистикасига қараганда, Ўзбекистонда барқарор эпидемиологик вазият кузатилмоқда. Қуйидаги кўрсаткичлардан эпидемия оқибатларини фавқулодда чора қўлламасдан бартараф этиш мумкинлиги ҳақидаги хулосага келиш мумкин.

Фото: «JHU CSSE COVID-19 Data»

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, фавқулодда ҳолат кишиларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига, юридик шахсларнинг ҳуқуқларига айрим чекловлар белгилашга йўл қўядиган ва уларга мажбуриятлар юклайдиган, давлатнинг бутун ҳудудида ёки айрим жойларида вақтинча жорий қилинадиган давлат бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятининг алоҳида ҳуқуқий режими бўлиб, фавқулодда ҳолатларни махсус чоралар қўлламасдан бартараф этишнинг имкони бўлмагандагина жорий этилади.