Навбатдаги фельетонимиз таълимга бағишланади.

Олимжон

Карикатура: «Bugun.uz» / Ҳабибулло Мўйдинов

Олим бўлсин деб шу исм берилган йигитча мактабни-ю институтни сидирғасига бешга битириб, ҳаш-паш дегунча чет элга кетадиган бўлди. Олим бўлиш учун, албатта. Кетишини бировга айтмаганди ҳам. PhD олиш учун мустақил танловда қатнашиб грант ютгач, институтнинг чет эл билан алоқалар бўлимига кириб, хорижга кетаётганини хабар қилиб қўйгиси келди. Индамай кетворсаям бўларди-ю, аммо фалон ўқувчиси четга ўқишга кетди, деган гап институтга обрў келтиришини ўйлаб, ўша бўлимга кирди-да грант ютиб ўқишга кетаётганини айтди. Аммо улар суюниш ўрнига «нега биз билан маслаҳатлашмадинг?» деган саволни берди. Кейин эса ҳали етиб бормаган хорижий таълим даргоҳидан «справка» сўрашди. Олимжон «ҳа, юборарман», — деганча учиб кетди.

PhD ўқиш даврида собиқ институтидан хат келди. Хатни очса, Ўзбекистонда олий таълимга чет эллик профессорларни жалб қилишда ёрдам сўралган экан. Олимжон бу ердаги профессорлар текинга бормаслигини тушунтиришга уринди, лекциялар нархини айтди. Бироқ бизнинг масъуллар хорижлик олимни таклиф қилишни қўшни маҳалладан ҳашарчи чақиришдек тасаввур қилгани учун ҳеч вақони тушунмади. Тўлов қилиш кераклигини эса на эшитишди, на тушунишди. Охири Олимжон «бораётганда 3–4 тасини чўнтагимга солиб обораман», — деб ҳазиломуз оҳангда гапга якун ясади.

PhD’ни олиб юртга қайтганида нострификация муаммоси пайдо бўлди. Маълум бўлишича, илм-фан рейтингида биздан 40 поғона, иқтисоди 20 баравар устун давлатнинг дипломи бизда тан олинмас экан. Албатта, дипломни яроқли қилиш мумкин, олимларимиз ҳамжамияти тан олса бўлди. Бунинг учун қатор-қатор ҳужжатлар ва пакетлар тўлдириб қатнашга тўғри келди. Охири Олимжоннинг чўнтаги ҳам, муаммоси ҳам анча енгиллади ва дипломи тан олинди. У институтга ишга жойлашадиган бўлди. Аризани компьютерда ёзганди, «қўлда ёзиб опкелинг», дейишди.

Ҳамма чиғириқлардан ўтиб, дарс ўтадиган куни ҳам келди. Талабаларга мавзуни тушунтираётган пайтида тўсатдан индамай замдекан кириб келди-да, ҳе йўқ, бе йўқ тадбирга одам тўплай бошлади. Ҳокимлик марказий майдонда «Гўзал юртим» деган тадбир ўтказаркан, новча йигитлар ва чиройли қизлар байроқ кўтариб тураркан. Шеър айтишга аълочи талабалар ҳам танлаб олинди. Буларнинг ҳаммаси дарс соатида ҳал бўлди. Олимжон чет элда ўқитувчининг дарсини шаҳар мэри ҳам бузмаслигини кўриб келган эмасми, бироз диққат бўлди. Раҳбарларига ботиниб бир гап демади-ю, вазирликда ишлайдиган дўстига ўқитувчи меҳнатини қадрлаш, ҳозирги вазиятни яхшилаш тўғрисида йўриғли таклифлар киритди. Дўсти, аввало, таклифлар учун миннатдорчилик билдириб, ўйлаб кўришга қуюқ ваъда берди. Кейин эса тил марафони ўтказилаётганини айтди ва Олимжоннинг четда ўқиганини ҳисобга олиб, таклиф сўради. Олимжон фикрларини жамлаб, бир кундан сўнг таклифларини ёзиб юборди. Кўп ўтмай уни ректор чақиртирди. Кирса, шу марафонни Олимжон бош бўлиб ўтказиши ҳақида вазирликдан хат келибди. Олимжон мен тил бўйича мутахассис бўлмасам, деб боши қотиб қолди: шуям ишми, марафон ўтказасан-у, унга масъул одам йўқ.

Ярим йил ишлагандан кейин Олимжон билдики, бу институтда бир ишни бажариш учун ноёб мутахассис бўлиш мутлақо шарт эмас экан. Гоҳ аҳолини рўйхатга олиш учун чақиришади. Гоҳ вируслардан сақланиш бўйича тарғибот-ташвиқот ишлари олиб бориш учун жойларга чиқишади. Ёшларни ёт ғоялардан асраш мавзусида мактабларда маъруза қилишга тез-тез чақириб туришади. Бир гал армияда аскарларга бадиий кўриниш тайёрлаб беришди, Олимжон Амир Темур ролида чиқди. Қиш келганда аҳолини ис газидан асраш борасида тарғибот ишлари олиб боришади. Орада фалон амалдор депутатликка сайланиши учун ишончли вакил ҳам бўлиб беришга тўғри келди.

Йил ўтди. Олимжон мундай ўйлаб қараса, хорижда олган билими миясидан чиқиб кетаёзибди. Нега чиқмасин, зарурати бўлмагач, амалиётда қўлламагач, асосийси, такрорлаб турмагач, ҳар қандай билим ҳам тарқалиб кетади-да. Энди бу ярим-ёрти билими билан чет элда ҳам ишга олишмайди. Аммо Олимжон четга барибир кетишга аҳд қилди. Трек ҳайдаса ҳам, алюмин ром ясаса ҳам, борингки, салқин ўрмонда қўзиқорин терса ҳам, кетса бўлди… Хорижда илм олиб ватанга қайтган ёш олим ҳақидаги ҳикоямизни, келинг, шу ерда тугатамиз. Чунки давоми қизиқ эмас.

Турғунбой мўйлов