Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг охирги етти кунликдаги энг сара ва муҳим хабарлари жой олган ҳафталик дайжести.

«Тошшаҳартрансхизмат» аввалроқ йўл ҳақини оширишга шаъма қилаётгани ҳақида ёзгандик. Акциядорлик жамияти энди буни расман эълон қилди — йўлкира ҳақи 300 сўмга кўтарилади.

Тошкент шаҳрида метро ва автобусларда йўл ҳақи оширилмоқда. Бу бўйича ҳоким қарори муҳокамага қўйилди, лекин ҳаммаси аниқ: 2022 йил 1 январдан Тошкент шаҳри ҳудудида бир йўловчи учун йўл ҳақи 1700 сўм этиб белгиланади.

Фото: «Bugun.uz»

Шунингдек, шаҳар транспорт бошқармасига 10 кунда йўловчи ташувчи тегишли ташкилот ва корхоналар билан тузилган танлов (тендер) шартномаларига тегишли қўшимча ва ўзгартириш киритиш топширилди.

Аввалроқ журналист Баҳодир Абдуллаев акциядорлик жамияти ўзининг ҳисоботида (унда оддий арифметик хатоларга йўл қўйилган) ҳаражатлар ошгани, лекин нарх кўтарилмагани ҳақида ёзиб, йўлкира нархини оширишга шаъма қилаётгани ҳақида ёзганди. Тахминларимиз ўзини оқлади.

Россияда «UzAuto Motors» автомобиллари ёниб кетди. 8 та машинадан 3 таси зарар кўрган.

Россиянинг Москва вилоятида 12 декабрь куни «Chevrolet» автомобилларини олиб кетаётган автотрейлерда ёнғин чиқди. Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғин Россия автомобиль ташувчисига тегишли автотрейлернинг салонида содир бўлган, шундан сўнг аланга автомобиллар бўлган трейлерга ўтган. Ундаги 8 та машинадан 3 таси зарарланган, ҳайдовчи ва, умуман, ҳеч ким жабрланмаган.

Воқеа Москва вилояти ҳудудида автомобилларни мижозга олиб ўтиш вақтида содир бўлган. Барча ташилган автомобиллар суғурталанган бўлиб, улар россиялик мижозга тегишли бўлган. Ҳозирда зарурий ёнғин-техник экспертизаси ўтказилиб, ёнғиннинг келиб чиқиш сабаблари ўрганилмоқда, дея хабар берилган эди 12 декабрь, душанба куни. Аммо ҳалигача бу бўйича расмий хабар йўқ.

Ўзбекистонда барча ходимлар Янги йил байрамида кетма-кет 5 кун дам олиши мумкин.

Президентнинг муҳокамага қўйилган тегишли фармонига кўра, 2022 йилда 3 январь — душанба, 4 январь — сешанба қўшимча дам олиш куни этиб белгиланиши кутилмоқда. Қайд этилишича, фармон билан барча ходимлар 31 декабрь, 1–4 январь кунлари дам олиши мумкин.

Қорақалпоғистонда браконьерлар «Қизил китоб»га кирган кийик ва қуёнларни ўлдириб, ҳайвонот дунёсига 190 миллион 350 минг сўм миқдордаги моддий зарар етказди. Ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Тахтакўпир туманида браконьерлар «Қизил китоб»га киритилган 14 бош жайрон ва 5 дона ёввойи қуённи ўлдириб, гўштини бўлаклади. Бош прокуратура мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши кўзғатди.

Фото: Давлат экология қўмитаси матбуот хизмати

Экология соҳасидаги назорат инспекциясининг туманда хизмат олиб бораётган ходимлари 12 декабрь куни Қўнғироткўл овул фуқаролар йиғини атрофидаги чўл ҳудудида 14 та кийикни отиб ўлдириб, гўштини бўлаклаётган браконьерларни ушлаш чораларини кўрган.

Инспекторлар яқинлашаётганини кўрган қуролланган овчилар кийикларнинг гўшти, шунингдек, кийим-кечак, озиқ-овқат, ёнилғи маҳсулотлари ва ўқ-аслаҳаларини ташлаб, номаълум йўналишда давлат рақамисиз «УАЗ» русумли кулранг автомобилда қочиб кетган.

Маълум қилинишича, ноёб ҳайвонларни овлангани ҳолати юзасидан ўтказилган текширишда ҳайвонот дунёсига 190 миллион 350 минг сўм миқдордаги моддий зарар етказилгани аниқланган. Мазкур ҳолат юзасидан тўрт нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 202-моддаси 3-қисми «э» ва «ж» бандлари (ҳайвонот ёки ўсимлик дунёсидан фойдаланиш тартибини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Bugun.uz» колумнисти Ҳабибулло Мўйдинов охирги пайтларда кўпайиб кетган ноёб ҳайвонларни овлаш ҳолат(лар)ига ўз карикатураси билан муносабат билдирди.

Карикатура: «Bugun.uz» / Ҳабибулло Мўйдинов

Ўзбекистонда 11 ойда 125 киши ис газидан заҳарланиш ҳамда ҳаво-газ аралашмаси чақнаши туфайли вафот этди. Бунинг асосий сабаби — газ йўқлиги. Ҳа, табиий гази йўқлар ҳам ис газидан вафот этмоқда.

Ўзбекистонда 2021 йил бошидан 15 декабрга қадар 125 киши ис газидан заҳарланиш ҳамда ҳаво-газ аралашмаси чақнаши туфайли вафот этди, 115 киши жабрланди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигига кўра, ис газидан заҳарланиш, асосан, газ ва муқобил ёқилғи (кўмир, ўтин ва бошқа) турларидан фойдаланишда хавфсизлик чораларига риоя этмаслик сабаб юзага келмоқда. Аянчли, жуда аянчли. Айниқса, уйда газ бўлмасдан туриб ҳам газ туфайли ҳалок бўлиш аянчли.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев Сенатда ҳисобот топширди. Ҳоким қурилиш майдонларида кесилиб, нобуд бўлган дарахтлар борлигини тан олди. Ғофур Ғулом боғидаги дарахтлар муаммосига ҳам тўхталди.

Олий Мажлис Сенатининг 16 декабрь кунги ялпи мажлисида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг пойтахт ҳудудларини ривожлантириш ҳақидаги ҳисоботи эшитилди.

Ҳисоботда шаҳарда қурилиш объектларининг кескин кўпайиши натижасида ҳосил бўлаётган чангни сув сепиб, бостириш чораси етарлича кўрилмаётгани атмосфера ҳавосига чангнинг меъёрдан ортиқ чиқарилишига олиб келаётгани таъкидланди.

Ҳоким, шунингдек, қурилиш майдонларида қанчадан-қанча дарахтлар кесилиб кетганини тан олган.

«Мен уни тан оламан. Қурилиш майдонларида кесилиб кетган, нобуд бўлган дарахтлар бор. Буни ҳам тан оламан. Лекин охирги пайтда сувнинг ер сатҳидан пасайиши бу қурилишларга асло боғлиқ эмас. Чунки дунёда экологиянинг ўзгариб бориши фақат Тошкентга эмас, умуман, бутун дунёга таъсир ўтказмоқда», — дейди Жаҳонгир Ортиқхўжаев.

Тошкент шаҳар ҳокими Ғофур Ғулом боғи масаласига ҳам тўхталди. Ортиқхўжаев у ердаги ободонлаштириш ишлари қайта кўриб чиқилишини маълум қилди.

«Ғафур Ғулом парки икки йил олдин инвесторга берилган. Бизга кўрсатган, Президентга кўрсатилган лойиҳасида ҳеч бир дарахтни кесмаслик, пляж зоналарини қолдириш, реконструкция қилиш ва қўшимча янги аттракционлар қуриш белгиланган эди.

Лекин инвестор, мана, бир йилдан ошди, ўзига қўйилган вазифаларни бажармади. Мен буни қайта кўриб чиқишни таклиф қиламан. Буни қайта кўриб чиқамиз», — деган Тошкент ҳокими.

Ўзбекистон АҚШ бошлаб берган бойкотга қўшилмайди. Мамлакат делегацияси Пекин шаҳрида старт оладиган XXIV қишки олимпия ўйинларида иштирок этади.

Пекин шаҳрида старт оладиган XXIV қишки олимпия ўйинлари бошланишига роппа-роса 50 кун қолди. Айни пайтда ўзбекистонлик спортчиларнинг Пекин–2022 қишки олимпия ўйинларига тайёргарлиги қизғин давом этмоқда.

Фото: «Bugun.uz»

«Bugun.uz» манбасига кўра, АҚШ томонидан илгари сурилган Пекин олимпиадасини дипломатик бойкот қилиш ташаббуси Ўзбекистон томонидан қўллаб-қувватланмайди.

Аввалроқ Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки АҚШ президенти Байден маъмурияти Хитойнинг Шинжондаги инсон ҳуқуқлари бузилишига қарши баёнот сифатида 2022 йилда бўлиб ўтадиган қишки олимпиада ўйинларига ҳеч қандай дипломатик вакил юбормаслигини маълум қилганди. Шунга қарамай, АҚШ спорт жамоаси маъмурият томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланади ва улар мусобақада иштирок этади.

Карикатура: «Bugun.uz» / Ҳабибулло Мўйдинов

«Ўзбекнефтгаз» шохобчаларида бензин нархи 6500 сўмгача арзонлашди. Бу фақат Аи-80 маркадаги бензиннинг нархи.

«Ўзбекнефтгаз»га қарашли автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида 17 декабрь кунидан бошлаб Аи-80 маркадаги бензин 6890 сўмдан арзонлаштирилиб, 1 литр ёқилғи 6500 сўм нархида сотувга чиқарилди.

Фото: «Bugun.uz»

«Бундай натижа»га акциядорлик жамияти раисининг топшириғига асосан «ишчи гуруҳ» тузилиши ва нефть маҳсулотларининг истеъмолчиларга етказиб берилиши тўлиқ назоратга олиниши орқасидан эришилган.

Фарғонада салкам 2,5 миллиард сўмлик тендер ўтказилди. Унда фақатгина бир манзилда жойлашган икки компания қатнашган.

Фарғона вилояти ҳокимилиги ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг» компанияси ўтгазган тендерда Қўқон шаҳридаги эркаклар Мурувват уйини реконструкция қилувчи компания аниқланган.

Ҳужжатга кўра, ушбу тендерда фақатгина икки корхона қатнашган — «Fargona kristal qurilish» ва «Far Jasmin disko servis». Ғолиб сифатида биринчи компания танлаб олинган.

Скрин: «Stat.uz»

Ҳаммаси яхшидек гўё, лекин ундай эмас. Ғолиб корхона ва унинг ягона рақиби бир манзилда рўйхатдан ўтган. Таъсисчиларни турли шахслар қилиб кўрсатишга ақли етган компанияларнинг телефон рақам ва электрон почтани ҳам бир-биридан бошқачароқ қилиш ҳаёлига келмаган, шекилли, улар бир хил қолган.

Скрин: «Stat.uz»

«Bugun.uz» мухбири ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Мурувват уйи мутасаддилари билан боғланди. Уй бош ҳисобчисининг сўзларига кўра, ўтказилган тендерда 5-ётоқ бўлими биносининг ички қисми тўлиқ таъмирлаш ва маъмурият биносини нолдан қуриш учун компания танлаб олинган. Шунингдек, ҳисобчининг қўшимча қилишича, Мурувват уйининг октябрь ойида фойдаланишга топширилган 3 қаватли янги биноси қурилиши билан ҳам айнан «Fargona kristal qurilish» хусусий корхонаси шуғулланган.

«Bugun.uz» колумнисти Ҳабибулло Мўйдинов «ўхшаш жиҳатлари бор бўлган» корхоналарнинг тендерда қатнашиш учун рўйхатдан ўтиши қандай бўлишини карикатура орқали кўрсатиб берди.

Карикатура: «Bugun.uz» / Ҳабибулло Мўйдинов

Ҳайфсаннинг «қаттиқ» тури ҳам бор, буни бош кийимидан алкотестер сифатида фойдаланган қорақалпоғистонлик инспектор олди.

Қорақалпоғистонда бош кийимидан алкотестер сифатида фойдаланган «ГАИ» ходими эсингиздами? Ушбу ходимга нисбатан хизмат текшируви ўтказилиб, «Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг маст ҳолатда эканлигини аниқлаш тартиби тўғрисида»ги низом ҳамда ички ишлар вазирининг айрим меъёрий буйруқлари талабларини бузгани учун қаттиқ ҳайфсан интизомий жазоси қўлланди.

Колумнистимиз Ҳабибулло Мўйдинов ушбу воқеа қандай бўлганини тахмин қилиб кўрди.

Карикатура: «Bugun.uz» / Ҳабибулло Мўйдинов

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.