Ироқ пойтахти Бағдоднинг элчихоналар жойлашган «яшил ҳудуд»ига 19 декабрь куни 2 марта ракета зарбаси берилди. Бу ҳақда шаҳар ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаларига таяниб, «Al Hadath» телеканали хабар берди.

Фото: «DPA»

Маълумотларга кўра, ракеталардан бири АҚШ элчихонаси яқинида портлаган: у майдонга тушиб, икки машинага зарар етказган, яна бир ракета эса ҳавода уриб туширилган. Қайд этилишича, ҳеч ким жабрланмаган. Ракеталар пойтахт шарқидаги ҳудуддан учирилган.

Қайд этилишича, «яшил ҳудуд», шунингдек, ҳарбий аэродромга туташган халқаро аэропорт вақти-вақти билан ракета ҳужумлари нишонига айланади. Бундан ташқари, Ироқ ҳудудидаги хорижий ҳарбий базаларни ўққа тутиш ҳолати ҳам кўпайган.

Россиялик сиёсатшунос Марат Башировнинг фикрича, Бағдоднинг «яшил ҳудуди» деб аталган жой «Америка ҳукмронлиги» давридан бери хавфсиз ҳудуд бўлмай қолган. Унинг эслатишича, 2021 йил 7 ноябрь куни Ироқ бош вазири Ал-Казимийнинг уйига ҳам ракеталардан зарба берилган.

Ироқ бош вазирининг ҳаётига суиқасд 7 ноябрь, якшанбага ўтар кечаси амалга оширилган. Унинг қароргоҳига миналанган дрон ёрдамида ҳужум қилинган. Бош вазир ал-Казимий жабрланмаган ва бу ҳақда касалхонага ётқизилганидан кейин хабар берган. Қароргоҳга уюштирилган ҳужум натижасида Ал-Казимийнинг 10 нафар қўриқчиси яраланган.

Аввалроқ АҚШ Ироқ ва Сурия чегараларида ҳаво ҳужуми уюштирганди. Шунингдек, Ироқ Туркиядан замонавий қуроллар сотиб олишни режалаштираётгани маълум бўлганди.