ЖССТнинг «омикрон» штами тарқалишига оид прогнози эълон қилинди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг «омикрон» штами тарқалишига оид прогнози эълон қилинди. Бу ҳақда «The Guardian» хабар берди.

Фото: «Getty Images»

Маълум қилинишича, коронавируснинг ушбу штами аллақачон 89 мамлакатда аниқланган. Ташкилот мутахассисларининг фикрига кўра, касалликка чалинганлар сони жуда тез ўсиб боради ва ҳар 1,5–3 кунда икки баравар кўпайиши мумкин.

«‘Омикронʼ, хусусан, аҳолини эмлаш даражаси юқори бўлган мамлакатларда ҳам тез тарқалмоқда», дейилади хабарда. Қайд этилишича, мутахассислар бундай ҳодисани штамнинг иммунитет ҳимоясидан қочиш қобилияти билан боғлаш ёки боғламаслик борасида бир тўхтамга келмаган. Уларнинг фикрича, штамни ўрганиш учун ҳали вақт керак.

«‘Омикрон’нинг клиник жиҳати ҳақидаги маълумотлар ҳали ҳам чекланган. Буни билиш ва олдинги эмлашлар ва иммунитет қаршилигига қандай таъсир қилишини тушуниш учун кўпроқ вақт керак бўлади», дейилади ЖССТ хабарида.

Мутахассисларнинг қўшимча қилишича, касалланишнинг тез ўсиши айрим мамлакатлардаги касалхоналарнинг ҳаддан ташқари тўлиб кетишига олиб келиши мумкин. «Буюк Британия ва Жанубий Африкада касалхонага ётқизиш ўсишда давом этмоқда. Тез суръатлар билан ошиб бораётган ҳолатларни ҳисобга олсак, кўплаб соғлиқни сақлаш тизимлари тез кунда юқори босим остида қолиши мумкин», дея хулоса қилинган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти хабарида.

Аввалроқ африкалик шифокор «омикрон» штамининг аломатларини маълум қилганди. Шунингдек, италиялик олимлар «омикрон» штамининг илк суратини намойиш қилганди. Шу билан бирга «омикрон» штамининг иккита ноодатий аломати аниқланганди.

Кўп ўқилган

Бошқа лойиҳаларимиз