Корея Меҳнат партияси марказий қўмитаси бўлим бошлиғи ўринбосари ва Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг синглиси Ким Ё Чжон яна бир юқори лавозимга тайинлангани маълум бўлди. Бу ҳақда Жанубий Кореянинг «Yonhap» ахборот агентлиги хабар берди.

Фото: «Global Look Press»

Маълум қилинишича, Шимолий Кореянинг «Корея марказий телеграф агентлиги» мамлакатнинг аввалги етакчиси Ким Чен Ир вафотининг 10 йиллигига бағишланган хабарларида Ким Ё Чжон Шимолий Корея Марказий қўмитаси сиёсий бюросининг саккиз нафар амалдаги аъзолари қаторига киритилган.

Шу муносабат билан «Yonhap» агентлиги Шимолий Корея етакчисининг синглиси сиёсий бюро аъзоси ўринбосари этиб тайинланганини тахмин қилмоқда. Маълумотларга кўра, телекўрсатувлар давомида Ким Ё Чжон бюронинг уч аъзоси билан бирга намойиш этилган.

Эслатиб ўтамиз, Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг синглиси Ким Ё Чжон юқори бошқарув органига тайинланганди. Маълум қилинишича, Ким Ё Чжон унинг акаси бошчилигидаги Давлат ишлари бўйича комиссия аъзоси этиб тайинланган. Унинг асосий қарорлар қабул қилиш қўмитасига кўтарилиши Шимолий Корея раҳбариятидаги ролини расмийлаштириши сифатида баҳоланган.

Таъкидланишича, у акасининг энг нуфузли ишончли одамларидан бири деб қаралади. Жанубий Корея Миллий разведка хизмати 2020 йил уни мамлакатнинг «амалда қўмондон ўринбосари» деб топган, бироқ унинг расмий мақоми ҳар доим ноаниқ бўлиб келган.

Шимолий Кореянинг бош тарғиботчиси сифатида Ким Ё Чжон мамлакатнинг 2018 йилги Пхенчхандаги Қишки Олимпиада ўйинлари делегациясининг юзи бўлиб, у ерда Жанубий Корея президенти Мун Чже Ин билан учрашган. Шунингдек, акаси Ким Чен Ин билан Сингапурда бўлган ва АҚШнинг ўша пайтдаги президенти Дональд Трамп билан учрашган.

Маълумот ўрнида, Ким Ё Чжон Шимолий Корея етакчисининг синглиси бўлиб, у кўпинча, Ким Чен Иннинг соғлиғи билан боғлиқ муаммолар ҳақида миш-мишлар пайдо бўлганда унинг вориси сифатида тилга олинади. Ким Чен Иннинг ўзи ҳали 40 ёшга ҳам кирмаган. У 2011 йилда отаси Ким Чен Ирнинг вафотидан сўнг Шимолий Корея раҳбарига айланган.

Аввалроқ Шимолий Корея президентининг синглиси AҚШни огоҳлантиргани ва Шимолий Корея АҚШ билан мунозара учун беҳуда вақт сарфламаслиги маълум қилинган.