Уйқу пайтида кучли терлаш коронавируснинг «омикрон» штамини юқтириб олганликни кўрсатиши мумкин. Бу ҳақда терапевт ва Буюк Британиядаги Бредфорд университетининг Лидс тиббиёт мактаби катта ўқитувчиси Амир Хонга таяниб, «ITV’s Lorraine» телеканали хабар берди.

Фото: «The Japan Times»

Унинг сўзларига кўра, коронавируснинг «омикрон» штами қуруқ йўтал, юқори иситма, таъм ва ҳидни йўқотиш каби стандарт белгиларидан ташқари, бурун оқиши, бош оғриғи, чарчоқ кўринишида ҳам намоён бўлади.

Бундан ташқари, терапевтнинг қайд этишича, Жанубий Африкалик шифокорларнинг яқинда берган баёнотига кўра, беморлар коронавируснинг янги штами билан касалланганидан кейин тунги терлашдан шикоят қила бошлаган.

Маълумот ўрнида, Жанубий Африка Тиббиёт ассоциацияси раҳбари Анжелик Кутзе коронавируснинг янги — «омикрон» штамида фарқли аломатлар мавжудлигини эълон қилганди.  Маълум қилинишича, Жанубий Африканинг пойтахти Преторияда «омикрон» штами билан касалланганларнинг аксарияти ёшлардир. Уларнинг кўпчилиги инфекцияга чалинганда чарчоқ ҳисси ҳақида шикоят қилган. Касалланганлар ҳид ва таъм билиш қобилиятини сақлаб қолган.

«Уларнинг аломатлари мен илгари бошдан кечирганимдан жуда фарқ қилди ва аввалгиси жуда енгил эди», — деган шифокор. Унинг сўзларига кўра, мамлакатда 65 ёшдан ошган фуқаролар сони 6 фоиздан ошмайди, шунинг учун улар янги штамни қандай ўтказиши ҳали аниқ эмас. «Энди биз вакцина олмаган кекса одамлар янги штамм билан касалланишидан қўрқишимиз керак. Агар улар эмланмаган бўлса, касаллик кўпчилик учун қийин бўлади», — деган Кутзе.

Эслатиб ўтамиз, Африкада коронавируснинг энг хавфли штами аниқлангани ҳақида хабар берилганди. ЖССТ мазкур штам сабабли фавқулодда йиғилиш ўтказиб, у дунёга таҳдид солишини ва вируснинг келиб чиқиш версиясини эълон қилганди.