Халқ таълими вазири ўринбосари Ваҳоб Ражабов маҳаллий бошқармалар раҳбарлари ва вазирлик тасарруфидаги мактаблар раҳбарларига мурожаат қилди. Ушбу хат Хоразм вилояти Халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати томонидан эълон қилинди.

Фото: Хоразм вилояти Халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати

Қайд этилишича, вазирлик умумтаълим мактабларида Янги йил байрамини нишонлаш билан боғлиқ қуйидаги ҳолатлар тақиқланганини маълум қилди:

  • юқори синф ўқувчилари иштирокида янги йил байрамини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни ўтказиш;
  • байрам тадбирларини ўтказиш мақсадида ота-оналардан турли хил ноқонуний пул йиғимларини амалга ошириш;
  • мактаб фойеси ва синф хоналарни сунъий арча ва электр чироқлари билан безаш.

Шунингдек, умумтаълим мактабларида Янги йил байрамини нишонлаш билан боғлиқ қуйидаги ҳолатларга рухсат берилди:

  • истисно тариқасида фақатгина бошланғич синф ўқувчиларига синф раҳбари ҳамда ота-оналар иштирокида карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда ўз синф хоналарида дарс жараёнларига ҳалақит бермаган ҳолда байрам тадбирларини ўтказишга;
  • мактаб фойеси ва синф хоналарни фақатгина ўқувчилар қўл меҳнати билан ясалган турли безаклар билан безатишга;
  • мактаб ҳовлисида Янги йил арчасини безашга.