Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида 19 декабрь куни кучли шамол ва чанг бўрони кузатилмоқда. «Ўзгидромет» ахборот хизмати бу бўйича маълумот берди.

Фото: «Bugun.uz»

Қайд этилишича, марказ прогнозига мос равишда Хоразм, Бухоро, Навоий, Самарқанд, Қашқадарё вилоятларида эрталаб ва куннинг биринчи ярмида ёмғир ёғиши ва шамолнинг кучайиши кузатилган.

Навоий, Самарқанд, Жиззах вилоятларининг баъзи туманларида ёмғир ёғишидан олдин шамолнинг кучайиши чангли бўрон кўтарилишига ва кўринувчанликни ёмонлашишига олиб келган.

Шунингдек, яқин 2-3 соатда (соат 13:00 дан 15:00 гача) Тошкент, Жиззах, Сирдарё вилоятларида ёмғир ёғишидан олдин шамолнинг кучайиши мумкин, баъзи жойларда қисқа муддатга чангли бўронлар кўтарилиши кутилмоқда.

Аввалроқ Қашқадарё вилоятининг айрим ҳудудларида шамол ва унинг ортидан чанг кўтарилиши ҳолатлари юз берганди. Шундан сўнг шамол йўналишини Самарқанд томонга ўзгартирган.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ноқулай об-ҳаво шароити туфайли ҳайдовчиларга мурожаат билан чиққан. «Барча ҳайдовчилардан йўлларда эҳтиёткор бўлиб, тезлик меъёрига риоя қилган ҳолда, оралиқ масофани сақлаб ҳаракатланишни сўраймиз», дейилади хабарда.