Москва давлат университети кенгаши Қирғизистон собиқ президенти, академик Асқар Акаевни биринчи даражали Ломоносов мукофоти билан тақдирлашга қарор қилди. Бу ҳақда университет матбуoт хизматига таяниб, «24.kg» хабар берди.

Фото: «ТАСС»

Қайд этилишича, қарор Москва давлат университети Илмий кенгаши томонидан бир овоздан қабул қилинган. Асқар Акаев ушбу нуфузли мукофотга сазовор бўлган Марказий Осиёдаги биринчи олимга айланган.

Таъкидланишича, Асқар Акаев квант электроникаси, ахборотни оптик қайта ишлаш, ҳисоб-китоблар назарияси ва макроиқтисодиёт бўйича фаолият олиб борган. У 150 та илмий иш, жумладан, монография, дарслик, еттита ихтиро ва 20 та китоб муаллифи сифатида қайд этилган.

Асқар Акаев Қирғизистон республикасининг биринчи президенти бўлиб, 2005 йил 24 мартда ҳокимиятдан ағдарилган ва шундан сўнг оиласи билан мамлакатни тарк этган.

Маълумот ўрнида, Акаев 2005 йил март ойида ҳокимият алмашганидан кейин 16 йил ичида биринчи марта 2021 йил 2 август куни Бишкекка учиб келди. У журналистларга бир ҳафтадан кейин Москвага қайтишини айтган эди. Бу вақт ичида у Қирғизистоннинг амалдаги президенти Садир Жапаров билан учрашди, «Қумтор» олтин кони иши бўйича Миллий хавфсизлик давлат қўмитасида сўроқ қилинди ва тергов билан битим тузди.

Шунингдек, у Кемин шаҳрига ташриф буюрди, таниқли одамлар билан учрашди, журналистларга интервью берди ва аҳолига видеомурожаат қилиб, кечирим сўради.

Аввалроқ Қирғизистон Бош прокуратураси Акаев билан боғлиқ тергов жараёни бўйича маълумот берганди. Шунингдек, Қирғизистоннинг яна бир собиқ президенти ҳибсга олиниши маълум бўлганди.