Россияда ердаги нишонларни аниқлаш учун борт-радар станциясига эга дронни синовдан ўтказиш бошланди. Бу ҳақда ҳарбий-саноат мажмуасидаги манбасига таяниб, «РИА Новости» хабар берди.

Фото: «РИА Новости»

Манбанинг сўзларига кўра, разведка ишларида фойдаланишга мўлжалланган дрон «Кронштадт» компанияси мутахассислари томонидан разведка ва зарба берувчи дронлар тайёрланадиган «Орион» базасида ишлаб чиқилган.

Қайд этилишича, ҳозирда учувчисиз транспорт воситасининг парвоз синовлари давом этмоқда. Шунингдек, аниқлик киритилишича, дрон кўп функцияли радар билан жиҳозланган бўлиб, у турли ердаги нишонларни, жумладан, радиация манбаларини топиш имконини беради. Бундан ташқари, манбанинг таъкидлашича, дрон, шуниндек, нишонни аниқлаб, унга зарба ҳам бера олади.

Аввалроқ Россия космосда янги қуролни синовдан ўтказганди. Шунингдек, мамлакат Тожикистонда янги қуролни синовдан ўтказиши ҳақида хабар берилганди.