Россиянинг Санкт-Петербург вилоятида жойлашган Фрунзенский туманида қасддан баданга оғир шикаст етказиш ҳолати бўйича ўрганиш ишлари бошланди. Бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбасига таяниб, «78.ru» хабар берди.

Фото: «Sputnik»

Маълум қилинишича, 18 декабрь куни Тошкент вақти билан соат тахминан 22:15 да тез ёрдам хизматига ҳудудда жойлашган сабзавот бозорида эркак пичоқлангани ҳақида хабар келиб тушган.

Қайд этилишича, воқеа жойига етиб келган махсус хизмат ходимлари 23 ёшли Ўзбекистон фуқаросини кўкрак ва қорин бўшлиғида чуқур жароҳатлар ва мия чайқалиши билан топган. Йигит оғир аҳволда Фавқулодда вазиятлар илмий-текшириш институтининг жарроҳлик бўлимига ётқизилган.

Аниқланишича, жиноят содир этилган жой видеокузатув камераларининг қамраб олиш зонасига кирмайди. Айни пайтда жиноят иши қўзғатиш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Аввалроқ Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида ўзбекистонлик эркак 3 нафар ҳамюрти томонидан пичоқлангани айтилганди. Шунингдек, Россияда 62 ёшли ўзбекистонлик эркакнинг жасади топилгани маълум қилинган.