Самарқанд вилояти Оқдарё туманидаги ошхонада 19 декабрь куни чақнаш содир бўлди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати

Маълум бўлишича, соат 14:20 да Наврўз маҳалласи Амир Темур кўчасида жойлашган «Лаззат» ошхонасида чақнаш содир бўлган (воқеа жойида 2 та пропан газ баллони бўлган).

Чақнаш оқибатида ошхонанинг тахминан 40 квадрат/метр майдонида шифт қисми ва жиҳозлар ёнган. Бирламчи маълумотга кўра, 10 нафар фуқаро тан жароҳати олиб, туман шифохонасига олиб борилган.

Ёнғин-қутқарув экипажи соат 14:23 да ҳодиса жойига етиб бориб, 14:29 да ёнғин қуршаб олинган ва соат 14:54 да ўчирилган. Воқеа жойига вилоят ҳамда туман ФВ бўлими раҳбар ходимлари, ИИБ, прокуратура, тиббиёт, газ хизмати ходимлари ва 2 та ёнғин-қутқарув экипажи жалб этилган.

Содир бўлган ҳолат юзасидан дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизматининг «Bugun.uz»га маълум қилишича, воқеа оқибатида ҳалок бўлганлар йўқ.

Эслатиб ўтамиз, Самарқанд шаҳри Сартепа массивидаги савдо дўконида 7 декабрь куни ёнғин содир бўлганди.