Тошкент вилояти Ангрен шаҳридаги «Ангрен кўмир кони» ҳудудида 19 декабрь куни юк поезди ағдарилиб кетди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Кадр: Telegram / @bugunuzlive

Қайд этилишича, Ангрен шаҳридан 19 километр шарқий йўналишда жойлашган «Ўзбеккўмир»га қарашли «Ангрен кўмир кони» ҳудудидаги темир йўлда 010-сонли локомотив состав электровознинг сиқилган ҳавосиз қолиши оқибатида бошқарувсиз ҳаракатланган ва 1-йўлда ҳаракатланиб кетаётган 017-сонли локомотив составига урилган.

Шундан сўнг жами 33 та юк вагонидан 20 та вагон (010-сонли локомотив составидан 14 та кўмир ортилган юк вагон ва 017-сонли локомотив составидан 6 та бўш юк вагони) темир йўл изидан чиқиб, ағдарилган.

Ҳодиса оқибатида 010-сонли локомотив состави машинисти ва унинг ёрдамчиси енгил тан жароҳати олган. Улар «Темир йўл транспорти» филиали ҳуддудидаги тиббий ёрдам пунктига олиб борилиб, ёрдам кўрсатилган ва Ангрен шаҳар шифохонасига юборилган.

Мазкур ҳолат оқибатларини баратараф этиш мақсадида воқеа жойига «Ўзбеккўмир» АЖ тасарруфидаги «Темир йўл транспорт» филиалидан 2та юк крани, 2 та погрузчик ва 50 нафар ишчи-ходимлар жалб этилган. Бартараф этиш ишлари давом этмоқда. Содир бўлган холат юзасидан дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида 2 ноябрь куни ҳайдовчи бошқарувни йўқотиши сабаб «Nexia» пастликка ағдарилганди.