Самарқанд вилоятининг айрим ҳудудларида 19 декабрь куни кучли шамол бўлиб, чанг кўтарилиш ҳолатлари кузатилмоқда. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати

Бошқарма ҳайдовчилар ва йўл ҳаракати иштирокчиларига мурожаат қилди. «Барча ҳайдовчилардан йўлларда эҳтиёткор бўлиб, тезлик меъёрига риоя қилган ҳолда, оралиқ масофани сақлаб ҳаракатланишни сўраймиз», дейилади хабарда.

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоятининг Чироқчи ва Қамаши туманларида чанг бўрони бошланиб, автомобиль йўли кўринмай қолгани ҳақида хабарлар тарқалди. Кейинроқ кучли шамол йўналишини Самарқанд томонга ўзгартиргани хабар қилинди.

Шундан сўнг ЙҲХББ Қашқадарё вилоятининг айрим ҳудудларида шамол ва унинг ортидан чанг кўтарилиши ҳолатлари тўхтаганини маълум қилди. Айни вақтларда ёмғирли об-ҳаво кузатилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, «Ўзгидромет» 19 декабрь куни республиканинг катта қисмида ёғингарчилик кузатилишини маълум қилганди. Шунингдек, Қашқадарё, Сурхондарё ва Самарқанд вилоятларида шарқий шамол йўналишини ўзгартириб, ғарбдан 7–12 метр/секунд тезликда эсиши, баъзи жойларда 15–20 метр/секундгача кучайиши айтилган.