Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

«UzAuto Motors» бу сафар етказиб беришни кечиктирамиз, деб ўтирмади. Компания энди февралгача 4 та машина — «Nexia», «Spark», «Cobalt», «Lacetti»ни сотмайди.

Ўзбекистондаги ягона машина ишлаб чиқарувчи «UzAuto Motors» юқорида қайд этилган машиналарни сотиш бўйича янги аризаларни қабул қилишни 20 декабрдан 1 февралгача тўхтатди. Сабаб — логистика муаммолари ва яримўтказгич етишмовчилиги.

Фото: «UzAuto Motors»

Компания ушбу давр мобайнида барча куч-ғайратини (ўзи бормикан у?) олдиндан буюртма қилинган автомобилларни ишлаб чиқаришга қаратади. Шунингдек, вақтинчалик янги автомобилга буюртма бера олмаган потенциал (ва мажбурий, албатта) харидорлардан «чин дилдан» узр сўраган. Нима ҳам дердик, ўрганиб кетаркан одам.

Наманганликларга ўзини Венециядагидек ҳис қилишга имконият яратиб берилди. Энди шаҳарда қайиқ бўлса бас, лекин «UzAuto Motors» машиналари турганда, бунга ҳожат ҳам йўқ.

Наманган шаҳрида 20 декабрь куни кучли ёғингарчилик сабаб кўчаларни сув босди. Таъкидланишича, Наманган шаҳрида 10 миллиметр оралиқда ёғиб ўтган ёмғир шаҳарнинг айрим кўчаларида сув босиш ҳолатларини келтириб чиқарди.

Энди бу шаҳарга қайиқ бўлса бас, аммо у ерда юрган машиналарнинг ундан фарқи йўқ — иккиси ҳам темир.

Ўзбекистонга 21–22 декабрда совуқ ҳаво кириб келиши мумкин. Бу сафар Кавказ ҳудудларидан.

Фото: «Bugun.uz»

«Ўзгидромет» Кавказ ҳудудларидан совуқ ҳаво кириб келиши ва жойларда кучли ёғингарчилик кузатилиши мумкинлигини маълум қилди. Шунингдек, республиканинг деярли барча вилоятида кучли шамол кузатилиши мумкин. 21 декабрь куни Қорақалпоғистон, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятларида ва республиканинг чўл ҳудудларида чанг бўрон ва ғуборлар кузатилиш эҳтимоли бор.

Фарғона вилояти ҳокими амалдорларнинг ҳар бир озган килоси учун 500 минг сўмдан пул бермоқчи. Бу пулларнинг манбаси, катта эҳтимол билан, бюджет бўлади.

Фарғона вилоятида ортиқча вазнга эга амалдорлар ва оддий фуқаролар озса, уларга ҳар бир озган килосига 500 минг сўмдан пул берилади. Бу ҳақда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров 20 декабрь куни бўлиб ўтган сессияда айтиб ўтди.

Фото: «Bugun.uz»

Хайрулло Бозоровнинг сўзларига кўра, бу тўлов ва тизим бўйича низом ишлаб чиқилмоқда. Бу учун жойлардаги поликлиникаларда рўйхатдан ўтиш керак бўлади.

«Агар бир амалдор 1 килога озса, ҳар озган килосига 500 мингдан олади. 5 килограмга озса, 2,5 миллион олади дегани. Бу учун жойлардаги поликлиникаларга боради ва рўйхатдан ўтади. Ва кунора килосини ўлчатиб туради. Ушбу қоида оддий халқ вакилларига ҳам қўлланилади. Улар ҳам бирдек ушбу суммаларни олади, — дея таъкидлаган вилоят ҳокими ўз мурожаатномасида.

Бозоров ушбу пуллар қаердан олиниши бўйича гапирмаган. Низом ишлаб чиқилса, кўрамиз. Балки халқнинг пулидан (яъни, давлат бюджетидан) олинар, балки ҳомий топилар (лекин бунинг эҳтимоли жуда паст).

Колумнистимиз Ҳабибулло Мўйдинов ушбу тизим ишга тушса, қандай ҳолат бўлишини тасаввур қилиб кўрди.

Карикатура: «Bugun.uz» / Ҳабибулло Мўйдинов

Бошқа хабарлар пунктларда:

  • Қорақалпоғистонда 110 минг ҳонадонни «свет» билан таъминлайдиган шамол электр станцияси қурилади;
  • «Янги Ўзбекистон» боғига бепул автобус қатнови йўлга қўйилди. Республикадаги энг катта Янги йил арчаси ўша ерда жойлашган;
  • Орол денгизининг қуриган тубида 500 минг гектарлик ўрмонзор яратилади;
  • Ўқиш тавсия этилади: Фельетон. PhD олиб юртга қайтган Олимжон ҳикояси.

Хўш, оламда нима гап?

Дунёда совуққа юқори сезувчанлик билан касалланганлар сони ортиб боряпти.

Москва шаҳар клиник шифохонасининг Аллергология ва иммунология маркази мутахассиси Наталья Мальцеванинг сўзларига кўра, ушбу касаллик билан боғлиқ ўсиш кўрсаткичи нафақат Россия, балки бутун дунёда, хусусан, Африкада ҳам қайд этилмоқда.

Фото: «NPR»

«Совуққа аллергияси бор одамда организмнинг паст ҳароратга ёки у билан алоқа қилган совуқ объектга нисбатан реакцияси кузатилади. Хасталикнинг ноодатийлиги шундаки, у нафақат қишда, балки ёзда ҳам пайдо бўлиши мумкин», — дейди мутахассис.

Касалликнинг энг кўп учрайдиган аломати пуфакчалар кўринишидаги тошмалар ҳисобланади. Хасталик оғир шаклга ўтганда эса беморда ангиоотек (ўткир ривожланадиган, одатда, оғриқсиз, қичимасиз ва нисбатан тез ўтадиган тери, шиллиқ пардалар ёки тери ости тўқималарининг қон томирлари ўтказувчанлигининг ошиши) кузатилади. Ҳаёт учун хавфли босқичда эса нафас олиш тизими зарарланади.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.