Дунёда совуққа юқори сезувчанлик билан касалланганлар сони ортиб бораётгани маълум қилинди. Бу ҳақда Москва шаҳар клиник шифохонасининг Аллергология ва иммунология маркази мутахассиси Наталя Малцевага таяниб, «РИА Новости» хабар берди.

Фото: «NPR»

Унинг сўзларига кўра, ушбу касаллик билан боғлиқ ўсиш кўрсаткичи нафақат Россия, балки бутун дунёда, хусусан, Африкада ҳам қайд этилмоқда.

Таъкидланишича, шифокор 17 мамлакатда ўтказилган тадқиқотни эслатиб ўтган, унда тропик мамлакатларда ҳам тегишли аломатлар бўлган беморлар қайд этилгани аниқланган.

«Совуққа аллергияси бор одамда организмнинг паст ҳароратга ёки у билан алоқа қилган совуқ объектга нисбатан реакцияси кузатилади. Хасталикнинг ноодатийлиги шундаки, у нафақат қишда, балки ёзда ҳам пайдо бўлиши мумкин», — дейди мутахассис.

Таъкидланишича, касалликнинг энг кўп учрайдиган аломати пуфакчалар кўринишидаги тошмалар ҳисобланади. Хасталик оғир шаклга ўтганда эса беморда ангиоотек (ўткир ривожланадиган, одатда, оғриқсиз, қичимасиз ва нисбатан тез ўтадиган тери, шиллиқ пардалар ёки тери ости тўқималарининг қон томирлари ўтказувчанлигининг ошиши) кузатилади. Ҳаёт учун хавфли босқичда эса нафас олиш тизими зарарланади.

Аввалроқ Осиё давлатларидан бирида хавфли касаллик тарқалаётгани маълум бўлганди. Шунингдек, АҚШда ковиддан тузалган болалар орасида хавфли касаллик тарқалаётгани ҳақида хабар берилганди.