Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон мамлакатдаги инфляция даражасини пасайтиришини маълум қилди ва турк лираси курсининг рекорд даражада пасайишини изоҳлади. Бу ҳақда «Reuters» хабар берди.

Фото: «Reuters»

Таъкидланишича, Эрдўғон мамлакатда лира курсининг қулашига олиб келган сиёсат муваффақиятли «иқтисодий мустақиллик уруши»нинг бир қисми бўлганини ва расмийлар молиявий манипуляция йўли билан мамлакат иқтисодий барқарорлигига путур етказмоқчи бўлган кучлар ҳаракатларини қатъий бостириш ниятида эканини айтган.

Қайд этилишича, инфляция қўрқуви туфайли лира 2021 йил ўз қийматининг 55 фоизини, сўнгги 30 кун ичида эса 37 фоизини йўқотган. Туркияда йиллик инфляция Эрдўғон бош вазир бўлган 2011 йилда тахминан 4 фоизга тушган. 2017 йилдан бери эса ўсишда давом этиб, 2021 йил ноябрь ойида 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 21,3 фоизга кўтарилган. Бу уч йил ичидаги энг юқори инфляция даражасига айланган.

«Reuters»нинг ёзишича, Эрдўғон инфляцияни пасайтириш экспорт, бандлик, сармоя ва иқтисодий ўсишни оширади, деган бўлса-да, аксарият иқтисодчилар унинг қарорларини бепарволик деб атамоқда ва 2022 йилда Туркияда инфляция даражаси 30 фоиздан ошишини тахмин қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, турк лираси пасайишда давом этмоқда — у 17 декабрь, жума куни яна 2,5 фоизга тушган ва марказий банк курсини пасайтиргандан кейин бир доллар учун 16 лирадан ошиб кетган.

Аввалроқ Эрдўғон лира курси пасайиши сабабли молия вазирини истеъфога чиқарганди. Шунингдек, унинг баёноти турк лирасининг расмий курсини туширганди.