Фарғона вилоятида ортиқча вазнга эга амалдорлар ва оддий фуқаролар озса, уларга ҳар бир озган килосига 500 минг сўмдан пул берилади. Бу ҳақда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров 20 декабрь куни бўлиб ўтган сессияда айтиб ўтди, деб хабар бермоқда «Bugun.uz» мухбири.

Фото: «Bugun.uz»

Хабар берилишича, Фарғона шаҳрида Халқ депутатлари Фарғона вилояти кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтган. Сессияда нутқ сўзлаган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров юқорида келтирилган тўлов ҳақида айтиб ўтган.

«Агар бир амалдор 1 килога озса, ҳар озган килосига 500 мингдан олади. 5 килограмга озса, 2,5 миллион олади дегани. Бу учун жойлардаги поликлиникаларга боради ва рўйхатдан ўтади. Ва кунора килосини ўлчатиб туради. Ушбу қоида оддий халқ вакилларига ҳам қўлланилади. Улар ҳам бирдек ушбу суммаларни олади, — дея таъкидлаган вилоят ҳокими ўз мурожаатномасида.

Шунингдек, Бозоров касал бўлган фуқароларга ҳам пул бериб бориш режаси ҳақида ҳам гапириб ўтган. «Бундан ташқари, касалларга пул беришни ўйлаб турибмиз», — деб қўшимча қилган ҳоким.

Аввалроқ Қашқадарёда аҳолининг қанча қисмида ортиқча вазн ва бошқа хасталиклар борлиги айтилганди.