Коронавируснинг «омикрон» штамини зарарсизлантириш учун антитаначалар миқдори вируснинг асл вариантини зарарсизлантиришда етарли бўладиган антитаначалар миқдоридан кўп бўлиши керак. Бу ҳақда Италия тиббиёт агентлиги президенти, вирусолог Жоржо Палуга таяниб, «24 Italia» хабар берди.

Фото: «Известия»

Унинг сўзларига қараганда, баъзи нашр этилмаган тадқиқотлар натижаларига кўра, янги штаммни тўхтатиш учун асл штаммни зарарсизлантиришда етарли бўладигандан антитаначалар 10–40 баравар кўпроқ бўлиши керак.

Қайд этилишича, мутахассис «омикрон» штами иккита эмланишдан ёки касалликдан тузалгандан кейин юзага келадиган антитаначаларни четлаб ўтиши мумкинлигини қўшимча қилган. Жоржо Палунинг айтишича, коронавирусга қарши эмлаш курсининг самарадорлиги ҳақида фақат учинчи дозадан кейин гапириш мумкин.

Палунинг таъкидлашича, олимлар янги штамм «дельта» билан солиштирганда қанчалик хавфли эканини ҳали аниқ айта олмайди.

«Жанубий Африка тажрибаси бу ерда ишламайди. Жанубий Африка аҳолиси Европаникидан ёшроқ, эмлаш даражаси тахминан 25 фоизни ташкил қилади», — дейди мутахассис.

Аввалроқ ЖССТнинг «омикрон» штами тарқалишига оид прогнози эълон қилинганди. Шунингдек, «омикрон» штамининг фақат кечаси намоён бўладиган аломати маълум бўлганди.