«Омикрон» штамининг келиб чиқишига оид янги тахмин илгари сурилди

Лаборатория сичқонлари учун сунъий равишда ишлаб чиқилган коронавирус патогенларидан бири «омикрон» штамининг пайдо бўлишига олиб келган бўлиши мумкин. Бу ҳақда хитойлик олимлар тадқиқотига таяниб, «Известия» хабар берди.

Фото: «Global Times»

Маълум қилинишича, одатий SARS-CоV-2 сичқонлар учун хавфли бўлмайди ва шунинг учун лабораторияларда коронавируслар махсус ишлаб чиқилади. Хитой Фанлар академиясининг Генетика ва ривожланиш биологияси институти олимлари эса кемирувчиларда коронавируснинг янги штами ривожланиши ҳақидаги фаразни илгари сурган ва «омикрон»нинг қўзғатувчиси одамлардан сичқонларга ўтиб, мутацияларни тезда ўзида тўплаб, кейин яна орқага қайтган бўлиши мумкинлигини тахмин қилган.

Таъкидланишича, худди шундай тахминни аввалроқ Bloomberg агентлигига берган интервьюсида Ботсвана-Гарвард ОИТСга қарши кураш институти олими Сикхулиле Мойо ҳам айтган.

Шу билан бирга, Сибир федерал университетининг геномика ва биоинформатика кафедраси профессори, Геттинген университети профессори Константин Крутовский ҳам коронавируснинг янги варианти одамларга уй ёки ёввойи сичқонлардан юққан бўлиши мумкинлигини таъкидлаган.

Аввалроқ «омикрон» штами сунъий равишда ишлаб чиқилмагани айтилганди. Шунингдек, Ухань вирусология институти коронавируснинг келиб чиқиши бўйича маълумот берганди.

Кўп ўқилган

Бошқа лойиҳаларимиз